Ўзбекистон | 16:42 / 22.08.2023
7059
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон — Озарбойжон муносабатлари. Бу нимаси билан аҳамиятли?

Сўнгги йилларда расмий Боку ва Тошкент муносабатлари сезиларли даражада фаоллашган. Ўрта йўлакдан ўтган Каспий денгизининг шарқий ва ғарбий қисмидаги давлатлар ўртасида яқинлашиш жараёни сезиларли даражада тезлашди. Хўш, бу икки давлатнинг ўзаро ҳамкорликдан қандай манфаатлари бор?

Фото: Президент матбуот хизмати

Сўнгги пайтларда Марказий Осиё ва Кавказ ўртасидаги алоқалар мустаҳкамлангани кўзга ташланмоқда. Шимолий йўлак беқарорлашиши, айниқса, Россия-Украина уруши билан биргаликда Евросиё мамлакатларини, шу жумладан, Хитойни янги йўналишларни излашга ундади. Айни пайтда Ўрта йўлакдан ўтган Каспий денгизининг шарқий ва ғарбий қисмидаги давлатлар ўртасида яқинлашиш жараёни сезиларли даражада тезлашди.

Озарбойжон, Қозоғистон ва Туркманистон ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланиши Шарқ ва Ғарб ўртасидаги Ўрта йўлакдан фойдаланишнинг аҳамияти ва салоҳиятини оширди. Боку ва Тошкент муносабатларининг мустаҳкамланиши бу жараёнларни янада жадаллаштирди. Озарбойжон президенти Илҳом Алиевнинг 2022 йил 21-22 июн кунлари Ўзбекистонга ташрифи чоғида икки давлат ўртасида 19 та шартнома имзоланган эди. Битимларнинг асосий мазмуни стратегик шерикликни ўрнатиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат.

Агар 2019 йилда мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 81 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 82,3 миллион долларни ташкил этди. Бундан ташқари, икки томонлама муносабатлар кенгайиши билан бир вақтда товар айирбошлаш ҳажми 16 фоизга ошиб, 111,9 миллион долларга етди. Бу кўрсаткич 2022 йилда ва ундан кейин ҳам ўсиш тенденциясини давом эттириши кутилмоқда. Ҳозир Боку ва Тошкент умумий қиймати 700 миллион доллардан ортиқ бўлган бешта йирик лойиҳани амалга оширишнинг молиявий ва техник жиҳатлари устида ишланмоқда.

2022 йилда Туркия, Ўзбекистон ва Озарбойжон ташқи ишлар, савдо ва транспорт вазирлари «Ўрта йўлак» мавзусида учрашув ўтказди. 2022 йил 2 августда бўлиб ўтган учрашув натижасида Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиққан Тошкент декларацияси имзоланди. Айниқса, икки давлат ўртасидаги муҳим воқеа энергетика соҳасидаги ҳамкорлик бўлди. Бундан ташқари, томонлар «Ўзбекнефтгаз» ва СОCАР каби углеводород ресурсларини қидириш ва қазиб олиш бўйича қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда тажриба алмашиш, ўзаро инвестиция ва хусусийлаштиришни рағбатлантириш бўйича келишиб олишди. Бундан ташқари, Қорабоғдаги лойиҳалар бўйича ҳамкорлик олиб борилиши билдирилмоқда. Айни пайтда Ўзбекистоннинг Ғарбга чиқиш учун Зангезур йўлагидан фойдаланиш имконияти энг катта истиқболдир.

Ўзбекистон ўзининг фойдали қазилма бойликлари, Марказий Осиёдаги энг кўп аҳолиси, иқтисодиётни либераллаштириш қадамлари ва геосиёсий мавқейи билан Евросиёдаги «ёрқин юлдуз» ҳисобланади. Озарбойжон эса Осиёдан Каспий денгизи орқали Европага чиқадиган энг муҳим «дарвоза»дир. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, икки давлат ўртасидаги мустаҳкамланган муносабатлар ўзаро манфаатли ёндашув орқали янада юқори босқичга кўтарилади.

Бундан ташқари, Боку-Тошкент яқинлашуви Ўрта йўлакнинг стратегик аҳамиятини оширади. Чунки Озарбойжон денгизга чиқиш имкони бўлмаган Марказий Осиё давлатлари учун муҳим порт бўлади. Шу тариқа, Озарбойжон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг ривожланиши икки томонлама манфаатлар олиб келиши аниқ. Аввало, давлатлар янги иқтисодий манфаатлар ва мустаҳкам алоқаларга эга бўлади. Хусусан, Ўзбекистон Ғарбга энг қисқа ва арзон йўл орқали етиб бориши мумкин бўлади.

Иккинчидан, Ўрта йўлакнинг тўлиқ салоҳияти ишга туширилади ва фойдаланилади. Бу Кавказ ва Марказий Осиё контекстида минтақани мустаҳкамлаш демакдир. Шу билан бирга, бу ҳолат Хитойдан Европага транспортни осонлаштиради ва Евросиёда барқарор ривожланишни тезлаштиради.

Бир сўз билан айтганда, бу икки давлат ўртасидаги муносабатлар катта салоҳиятга эга бўлиб, барқарорликни сақлаш ва Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё минтақалари тараққиётида муҳим рол ўйнайди.

Сабина Латипова,
шарқшунос таҳлилчи

Мавзуга оид