Россиянинг “Форус” компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Gasli Gaz Storage” МЧЖ ҚК Газли газни еростида сақлаш иншоотининг қувватини уч баробардан кўпроққа – 10 млрд кубга етказиш устида иш олиб борилмоқда. Бу ҳақда газ омбори смена бошлиғи Элбек Қандимов “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
“Лойиҳанинг биринчи босқичида газни ерости газ иншоотида сақлаш 3 млрд кубдан 6 млрд кубгача оширилиб, иккинчи босқичда 6 млрд кубдан 10 млрд кубга етказилади. Бугунги кунда “GKS 6A” компрессор станциясининг қурилиш ишлари тўлиқ якунланиб, ишга тушириш ишлари олиб борилмоқда. Siemens компанияси томонидан ишлаб чиқарилган иккита SGT-750 газ турбинаси ўрнатилган”, - дейди Элбек Қандимов.
Телеканал репортажида айтилишича, Газли газни еростида сақлаш иншоотининг ҳажмини 10 млрд куб метргача етказиш ҳамда Газли конининг газ ва нефт уюмларида қўшимча геология қидириш ишларини бажариш, уларни якунловчи босқичда ишлатиш лойиҳаси октябр ойида тўлиқ қувватда ишлай бошлайди.
“Узоқ вақт мобайнида экплуатация қилиб келинаётган “Газли” конини қайта ишлаш ва 6 та горизонтдан газ қазиб олиш, битта горизонтдан нефт қазиб олишни кўпайтириш назарда тутилган”, - дейилади лавҳада.
Қўшимча қилинишича, корхонада 2025 йилга қадар иккинчи босқич лойиҳаси ишга туширилади.
Лойиҳанинг умумий қиймати – 557,4 млн доллар. Шундан корхонанинг тўғридан тўғри хорижий инвестиция миқдори 268,7 млн долларга тенг, йиллик даромад 580 млрд сўм, бюджетга солиқ тушумлари 60 млрд сўмни ташкил қилади. Умумий ишлаб чиқариш қуввати суткасига ўртача 28-30 млн куб метр.
Газли газ омбори ҳажмини кенгайтириш лойиҳаси
Газли газни еростида сақлаш иншоотининг ҳажмини 10 млрд куб метргача ошириш президентнинг 2022 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2023-2025 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган.
2020-2025 йилларга мўлжалланган лойиҳа доирасида нафақат иншоот ҳажмини ошириш, балки Газли конининг газ ва нефт уюмларида қўшимча геология-қидирув ишларини бажариш ва уларни якунловчи босқичда ишлатиш лойиҳасини амалга ошириш ҳам режалаштирилган, унга кўра:

















