Ўзбекистон | 18:30 / 23.08.2023
4128
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон президенти Озарбойжоннинг Фузулий шаҳрига борди

Давлат раҳбари Мирзо Улуғбек номидаги мактаб очилишида иштирок этди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев Озарбойжонга давлат ташрифининг иккинчи куни рафиқаси билан бирга Фузулий шаҳрига борди. Олий мартабали меҳмонларни Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва рафиқаси кутиб олди.

Шаҳар буюк озарбойжон шоири ва мутафаккири Муҳаммад Фузулий шарафига номланган. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларигача Фузулий туманида саноат ва қишлоқ хўжалиги ривожланган. Бу ерда кутубхоналар, маданият уйлари, музейлар, театрлар, боғлар ва бошқа маданий объектлар фаолият юритган.

1993 йилдан 2020 йилга қадар Фузулий шаҳри ва вилоятнинг катта қисми арманлар назорати остида бўлган. 2020 йил 17 октябрда Фузулий Озарбойжон назоратига қайтди. Шундан сўнг, шаҳарда кенг кўламли тиклаш ва қурилиш ишлари бошланди. Шаҳарда халқаро аэропорт, замонавий турар-жой мажмуаси, тиббиёт ва таълим муассасалари қуриб битказилди. Фузулийни тиклаш ишларини 2026 йилгача якунлаш режалаштирилган.

2023 йил июль ойида президент Илҳом Алиев 17 октябрни Фузулий шаҳри куни деб белгилаб, уни ҳар йили тантанали равишда нишонлаш ҳақидаги қарорга имзо чекди.

Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев Фузулий шаҳрида 960 ўринли Мирзо Улуғбек номидаги мактабнинг очилиш тадбирида иштирок этгани, сўнгра, Озарбойжон ва Ўзбекистон раҳбарлари шаҳар аҳолиси билан ҳам учрашув ўтказгани ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга оид