Россия парламенти биноси – Оқ уй ёнида минглаб одамлар давлат тўнтаришига қарши намойишга чиқди. Тўнтаришга қаршилик ҳаракатига Россия президенти Борис Елцин бошчилик қилди, у танк устига чиқиб, армияни зўравонлик қилмасликка, халқни эса умумий иш ташлашга чақирганди.

Ўша кунларда марказий телевидениеда қайта-қайта кўрсатилган «Оққуш кўли» балетидан ташқари, Елциннинг танк устидаги фотосурати август ойи воқеаларининг рамзига айланади.

Ушбу машҳур фотосуратнинг бошқа иштирокчиларининг тақдири қандай кечди?

Александр Коржаков

1990-йилларнинг нуфузли кишиларидан бири ҳозирда сиёсий фаолият билан шуғулланмайди. У Эдуард Успенскийнинг китоблари асосида «Простоквашино» деб аталувчи Москва яқинидаги Молоково қишлоғида яшайди, китоблар ёзади ва ҳатто бир неча бор филмларда рол ижро этган.

1970 йилдан бошлаб Коржаков КГБнинг юқори лавозимли партия аъзоларини ҳимоя қилиш бўлимида хизмат қилган, аммо 1989 йилда «соғлиғи ва ёши туфайли» нафақага юборилган. Коржаковнинг ўзи буни Елцинни қўллаб-қувватлагани билан боғлайди, чунки у ишдан бўшатилгунга қадар бир неча йил давомида Елцин билан дўстона муносабатда бўлган, шунингдек, «Елциндан қўлингни торт» плакатини кўтариб, митингларга чиққан.

Бир неча йил давомида у сиёсатчининг норасмий қўриқчиси бўлиб ишлаган ва маошини турли жойлардан, қўриқчи ёки бригадир сифатида рўйхатдан ўтган манзиллардан олган.

1991 йил сентябр ойидан бошлаб Коржаков беш йил давомида ўзи яратган Президент хавфсизлик хизмати (кейинчалик Федерал қўриқлаш хизматига айлантирилган) раҳбари бўлиб ишлаган. Елцин маъмурияти ходимларининг эслашича, айнан уларнинг дўстлиги туфайли ушбу бошқарма «ҳам молиялаштириш, ҳам сиёсий жиҳатдан Кремлнинг устувор эътиборига сазовор бўлган».

Аммо «ксерокс қутиси» билан боғлиқ воқеадан сўнг у ишдан бўшатилган. Ўшанда, 1996 йилда Елциннинг сайлов кампанияси пайтида Коржаковнинг ташаббуси билан Елцин штаби бошлиғи Анатолий Чубайс, Аркадий Естафьев ва Сергей Лисовский ксерокс қутисидаги ярим миллион доллар нақд пул билан ушланганди. Коржаковнинг фикрича, улар бутун мамлакат бўйлаб сайлов комиссиялари учун ажратилган пулларни талон-торож қилган. Шу билан бирга, кўпчилик унинг истеъфосини президент маъмуриятидаги ички курашлар билан боғлайди.

Коржаков 1997 йилдан 2011 йил декабригача Давлат думасининг мудофаа қўмитасида ишлаган.