11 август куни Россия мухолифати етакчиси Алексей Навалнийнинг сайтида сиёсатчи экстремизмда айбланиб, 19 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганидан кейинги илк баёноти эълон қилинди. «Мендаги қўрқув ва нафрат» деб номланган матнда мухолифатчи Россиядаги муаммолар илдизи 90-йилларга бориб тақалишини айтганди.

Бу матн шов-шувга сабаб бўлди. Унда келтирилган баъзи одамлар айбловларни ўзига олди, баъзилар эса матнни Навалний ёзганига ҳам шубҳа билдирди. Қуйида Навалнийнинг манифести ҳақидаги айрим постлар келтирилади.

Кирилл Мартинов

«Новая газета Европа» газетаси бош муҳаррири

Мен «Бизникилар» ҳаракатида қатнашмаганман. Газета бош муҳаррири Дмитрий Муратов. Шунингдек, Коррупцияга қарши кураш фонди (ФБК) суриштируви фигурантларини ҳимоя қилганим ҳам йўқ. «Алексей Навалнийнинг хати»ни ёзаётган муаллифлардан маълумотларни текширишда эҳтиёт бўлишини сўрайман. Маҳбуснинг гапи бу – твиттердаги пост эмас.

Григорий Голосов

Санкт-Петербург Европа университети сиёсий фанлар факултети декани

Россияни демократлаштириш 90-йиллардаги ҳаракатлар сабаб орқага кета бошлаганига қўшиламан. Ўша вақтдаги ҳаракатларнинг ўзи ҳокимиятни сақлаб қолишга қаратилган, бу орқали эса тезда бойиш мақсад қилинганди. Тузум ислоҳот номи остида нохолис ҳуқуқий асоссиз жорий қилинганди. Бу воқеалардан қилинадиган хулоса нима бўлади? Албатта, бу хатоларни такрорламаслик. Ва бир нарсани унутмаслик керакки, агар бу хатолар келажакда такрорланадиган бўлса, уни ўша 90-йиллардаги каби одамлар такрорлайди, мутлақо янги одамлар эса унга қарши иммунитетга эга бўлади.

Татяна Малкина

журналист

Ўзимни қўлга олдим-да қисқа иқтибослар билан чекланмадим ва мамлакатдаги асосий сиёсий маҳбус иқрорини тўлиқ ўқиб чиқдим. Бу унинг аҳмоқона ҳукмдан кейинги шаҳарга ва дунёга илк чақируви. Мутахассис эмасман, лекин менимча, бу матнни унинг ўзи ёзмаган. Ёки бошқача: агар ўзи бўлса, олдинги матнларини у ёзмаган. Мен матн маъноси ҳақида гапирмаяпман, буни Бобковнинг ўзи боплаб текширтирса керак. Нима бўлган тақдирда ҳам барча сиёсий маҳбуслар озод қилинишини талаб қиламан.