Танзила Норбоева АҚШ сенатори Гэри Питерс билан учрашди
Суҳбатда Ўзбекистон ва АҚШ парламентлараро муносабатлари муҳокама қилинди.
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева 25 август куни АҚШ Конгресси Сенати аъзоси, сенатор-демократ Гэри Питерсни қабул қилди.
Суҳбатда Ўзбекистон-АҚШ ҳамкорлигининг кенг доираси хусусан, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, меҳнат муносабатлари, гендер тенглиги соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда парламентлараро мулоқот муҳим ўрин тутиши, Ўзбекистон Олий Мажлиси парламентлараро гуруҳининг АҚШ Конгресси билан ҳамкорлик бўйича мулоқоти ҳамда АҚШ Конгрессидаги «Ўзбекистон бўйича кокус» фаолияти сиёсий ва иқтисодий соҳаларда Ўзбекистон-Америка муносабатларини тизимли ривожлантиришнинг ва парламент дипломатияси воситасида муҳим масалаларни ҳал этишнинг самарали механизмига айлангани алоҳида эътироф этилди.
Суҳбат давомида иқтисодий ҳамкорлик масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Икки томонлама стратегик шерикликни мустаҳкамлашга таркибига 38 та етакчи компания кирадиган Америка-Ўзбекистон савдо палатаси салмоқли ҳисса қўшаётгани, 2023 йил январь-июль ойларида товар айирбошлаш ҳажми 321,5 миллион долларни ташкил этгани таъкидланди. Инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва икки давлат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, меҳнат муносабатлари йўналишидаги ҳамкорликни изчил давом эттириш, бунда муносиб меҳнат шароитларини яратиш, меҳнат соҳасига халқаро стандартларни жорий этиш каби масалаларда доимий маслаҳатлашувларни олиб боришга келишиб олинди.
«Марказий Осиё – АҚШ» С5+1 формати доирасида 2024 йилда Америка томони (USAID) билан тадбиркор аёлларнинг С5+1 форматида ўтадиган Халқаро форум, унда тадбиркор аёлларнинг фаол иштироки масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Шунингдек, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, эътиқод ва сўз эркинлиги масалалари ҳам алоҳида эътибор марказида бўлди.
Мулоқот сўнгида томонлар барча соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштиришга тайёр эканликларини билдирдилар.
Мавзуга оид
13:56 / 19.11.2024
Танзила Норбоева Сенат раиси лавозимига қайта сайланди
18:37 / 17.11.2024
Ҳудудлардан сайланган сенаторлар эълон қилинди
13:10 / 17.11.2024
Ўзбекистон парламенти аъзолари Бокуда ўтаётган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияда иштирок этди
22:55 / 16.11.2024