Ўзбекистон | 11:40 / 28.08.2023
38332
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ҳафта давомида қандай об-ҳаво бўлиши маълум қилинди 

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон ҳудуди бўйича кеча об-ҳавонинг кескин ўзгариши кузатилди. Республика бўйича барча жойларда ёмғир ёғди, баъзи жойларда момақалдироқ ва шамолнинг кучайиши қайд этилди. Кундузги ҳарорат +5...+10 даражага пасайди.

Бугун эрталаб республика ҳудуди бўйича (энг чекка шарқий ҳудудлардан ташқари) ёмғир ёғиши тўхтади, осмон булутлардан тозалана бошлади ва қуёш нурлари ҳавони тезда иситди. Бугун кундузи ҳарорат +23...+28 даража атрофида бўлади. Фақат Фарғона водийси вилоятларида булутли об-ҳаво сақланиб туради, айрим ҳудудларда ёмғир ёғади.

“Ўзгидромет” хабарига кўра, эртага Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қуруқ, кам булутли ва илиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, ҳаво ҳарорати +29...+32 даражагача кўтарилади. Фақат Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудларига нам ҳаво янги қисми тарқала бошлайди, Қорақалпоғистон Республикасининг баъзи жойларида ёмғир ёғиши мумкин.

30 августда республика бўйича баъзи жойларда, 31 августда кечаси ва эрталаб Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятлари ва Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, айрим жойларда момақалдироқ бўлади.

31 августда кундузи ва 1 сентябрда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати +25...+30 даража атрофида бўлади.

29 августда шимолда, 30-31 август кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон кузатилиши мумкин.

Пойтахтда 28 август ва 29 август кунлари ҳаво асосан бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 3-8 м/с тезликда эсади.

30 августда, шунингдек 31 августда эрталаб ва кечаси қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 5-10 м/с тезликда эсади, 12-17 м/с гача кучайиши мумкин.

31 августда кундузи ва 1 сентябрда ёғингарчилик кутилмайди.

Ҳарорат 28 августда +24...+26 даража, 29-31 август ва 1 сентябрда +25...+30 даража бўлади.

Мавзуга оид