“Танасида 3 та игна қолди” – игналар билан яшаётган болакай Азизбек 6 ёшга тўлди
2018 йилнинг январ ойида 11 ойлик чақалоқнинг танасидан 16 дона игна топилгани барчани ҳайратга солганди. 9 соат давом этган мураккаб жарроҳлик амалиётида игналарнинг 11 таси чиқариб олинди. Қолгани ҳозиргача Азизбек билан бирга, унинг ичида “яшамоқда”. Шифокорлар бола кучга тўлиб, қадам ташлашни бошлаши билан қолган игналарни ҳам олиб ташлашга қарор қилишган.
9 соат давом этган мураккаб жарроҳлик амалиётида бола танасидан 11 дона игна чиқариб олинди. 3 та игна ҳозиргача Азизбекнинг ичида кезиб юрибди. Шифокорлар бола қадам ташлашни бошлаши билан қолган игналарни ҳам олиб ташлашга қарор қилишган.
17 кунлик комадан омон чиққан Азизбек 6 ёшга тўлди. У гапира олмайди, эмаклаб юради. Гўдак танасига бунчалар кўп игна қандай кириб қолгани эса ҳамон жумбоқлигича қоляпти.
Қувонарлиси, оғир синовларга дуч келган оилада яқинда қиз чақалоқ туғилди.
Уйимизда ҳеч қачон бундай кўп игна ишлатилмаган...
“Рўзғорда бунчалик кўп игна ишлатмаганмиз. Нари борса 3-4 та игнадан фойдаланар эдик.
У ҳам бўлса халтачада ғалтак ипга қадалган ҳолда деворда осилган бўларди. Азизбек эса ўша пайтда эндигина 11 ойлик чақалоқ эди. Деворда осилиб турган нарсани оладиган даражада эмасди. Ҳодиса қандай содир бўлган ўзимиз ҳам ҳайронмиз.
Ўртаҳол оиламиз. Қўшнилар ҳам ҳаммаси яхши одамлар. Биров бизга душманлик ҳам қилмаган шу пайтгача, ҳеч кимга хусуматимиз ҳам бўлмаган. Яратганга шукр, Азизбек 5 ёшга тўлганда сингилли бўлди. Бирга улғайишяпти.
Игна чиққани ҳақидаги хабарни эшитиб ҳайратдан қотиб қолганмиз. Бошида ишонмадик. Рентген текширувларида танада игна борлиги кўрсатилганидан кейин тақдирга тан бердик.
Неварам Азизбекка бирор кор-ҳол бўлгудек бўлса қандай чидарканман деб ўзимни қўярга жой топа олмай қолганман ўшанда. Яратганга шукр, неварамни бизга қайтариб берди. Бўйи бир меъёрда ўсяпти. Боғчага боради.
Мудҳиш ҳодисадан кейин қишлоқда ҳар хил гаплар болалади. Бош кўтариб юра олмай қолдим. Юргазиб олсак марра бизники. Шифокорлар боланинг миясида қон қотиб қолгани, у эриб, ювилиб сингиб кетса қадам қўйишни бошлашини айтишди”, – дейди Азизбекнинг бувиси Ҳавохон Болтабоева.
Ҳаммаси ёмон тушга ўхшайди...
“Ўша мудҳиш воқеага ҳам 5 йил бўлибди. Ишонгим келмайди. Ҳаммаси ёмон тушга ўхшайди. Яратганнинг Ўзи меҳрибон, шунча ташвиш ортидан қиз фарзанд берди. Улар бирга ўйнашади. Акаси синглисини авайлайди. Буни Азизбекнинг ҳаракатларидан билиш қийин эмас.
Анчагина синовларга дуч келдик. Қўлимга ўша игналарни олмагунимча ишонмаганман. Вақт ўтиши билан ҳаммаси изига тушяпти. Тенгдошларидан орқада бўлса ҳам у улғайяпти. Вақт ҳаммасига даво. Оёққа туриб кетишига умид қиламан.
Халқимизга раҳмат айтаман. Кимдир моддий, яна кимлардир руҳий далда бўлди. Дуолар ортидан ўғлим шунчалик соғайиб кетди.
***
Ўтган дамлар мен учун оғир. Эслагим келмайди. Азизбекнинг иссиғи ҳадеганда тушавермагач туман поликлиникасига чиққанмиз. У ердан марказга жўнатишди.
Вилоят тез тиббий ёрдамига борганимизда рентген қилишди. Рентген бир эмас 3 марта қайта-қайта қилдирганман. Ҳатто тана ичида игналар борлигига рентген натижасини кўрган шифокорлар ҳам ишонишмаган. Операция бўлиб қўлимга игнани тутқазмагунларича ишонмаганман.
2018 йилда турмуш ўртоғим Россияда эди. Ўғлим билан ота уйимда яшардим. Энг қизиғи уйда ортиқча игна турмаган. Игнани кимдир қасддан ўғлимга берган тақдирда ҳам қандайдир из қолиш керак эди. Ўғлимнинг мураккаб жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказганига ҳали ҳам ишонмайман. Операцияга Азизбек ҳеч нарса бўлмагандек ўйнаб кириб кетди.
Азизбек юришга ҳаракат қиляпти-ю, лекин кучи етмаяпти. Улғайган сари кўтариш ҳам қийин бўларкан. Кейин ўзининг хоҳишлари ҳам кўпаяркан. Хоҳишини бизга тушунтиришга ҳаракат қилади. Биз унинг дардини англай олмасак аламдан жаҳли чиқиб кетади.
Қани энди вақт орқага қайтса-ю ўғлимга қайтадан қарасам. Мен ўзимни кечира олмайман. Мендан кўра ўғлим азоб чекяпти. Ўртоқлари қатори юрса, гапирса дейман. Ҳамма онанинг ҳам орзуси шу экан. Шифокорлар умидни сўндирмасликка чақиряпти”, – дейди Азизбекнинг онаси Шоҳсанам Болтабоева.
Азизбек “нон”, “ая” деган сўзларни гапира бошлади...
“Азизбекнинг ҳолати яхши. Боғчага боряпти. Қўли ёрдамида бирор нарса ушлаб тикка туришга ҳаракат қиляпти.
Тиззалаб, эмаклаб юради. “Нон”, “ая” деган сўзларни гапира бошлади. 4 йил аввал рентген қилган эдик. Ҳозир ҳам ўғлимнинг танасида 3 та игна бор. Лекин рентгенда 4 та игна чиққан. Шу йилнинг январ ойида Азизбекни Тошкентга олиб бориб шифокор кўригидан ўтказиб келдик.
Шифокор вақти келиб болада ўзгариш бўлишини айтди. Азизбек юришни бошлаб кучга тўлса, операция қилиб қолган игналарни олиб ташлаймиз. Ўғлим имо-ишоралар билан бўлса ҳам гапини тушунтиришга ҳаракат қилади.
Асосан бўш куним шанба-якшанба кунлари Азизбекни кўчага ўйнатгани олиб чиқаман. Кундан кунга яхши томонга ўзгаряпти.
Ўша вақтда Россияда ишлардим. Энди эса ўз ватанимдаман.
Аллоҳ шу ернинг ўзида ризқимизни беряпти. Кам бўлганимиз йўқ. Кейинги йили Азизбек мактабга чиқади.
У кунларни эслагим ҳам келмайди. Фарзанд ҳаммага ҳам азиз. Аллоҳ умрини берсин. Синов берганига шукр деймиз,” – дейди Азизбекнинг отаси Азимжон Худойбердиев.
Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.
Мавзуга оид
17:30 / 28.12.2024
“Бир ўлимдан қолган қизалоқ”: Фарғонада энагага топширилган бола ўласи қилиб калтакланди
16:56 / 22.12.2024
Фарғонада портлаш содир бўлган заправка бузилмоқда — видео
22:57 / 21.12.2024
Фарғонадаги портлаш, Жиззахга янги ҳоким ва кадастрдан тадбиркорларга “қора хат” — ҳафта дайжести
21:23 / 21.12.2024