Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Япониялик олимлар сигирни зебра рангига бўягани учун Шнобел мукофотига сазовор бўлди
2019 йилда эълон қилинган япон тадқиқотига кўра, сигирларга оқ-қора нақш чизиш чивинлар ҳужуми билан боғлиқ иқтисодий йўқотишларни камайтиришга ёрдам беради.
Фото: Kyodo News
11 нафар япониялик олимдан иборат гуруҳ йирик шохли қорамол билан боғлиқ тадқиқоти учун биология бўйича Шнобел мукофотига сазовор бўлди. Улар сигирни зебра каби бўяш орқали унга қўнадиган ҳашаротлар сони сезиларли даражада камайишини кўрсатган тажрибани ўтказган эди. Бу ҳақда Kyodo агентлиги хабар берди. Маросим 18 сентябр куни Бостонда бўлиб ўтди.
2019 йилда эълон қилинган япон тадқиқотига кўра, сигирларга оқ-қора нақш чизиш чивинлар ҳужуми билан боғлиқ иқтисодий йўқотишларни камайтиришга ёрдам беради.
Қайд қилинишича, сигирларнинг чивинга қарши курашиши озиқланиш ва ухлаш учун камроқ вақт қолдиради, шунингдек, уларни жароҳат олиш хавфига дучор қилади, бу эса АҚШда чорвачилик учун йилига 2,2 миллиард доллар йўқотишларга олиб келади.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, қора сигирларни оқ-қора рангга бўяш уларнинг устига қўнадиган ҳашаротлар сонини 50 фоизга камайтиради. Бу йўл заҳарли пестицидларга муқобил вариант бўлиши мумкинлиги қайд этилган.


Шнобел мукофоти (Ig Nobel Prize) Нобел мукофотига пародиядир. У 1991 йилдан бери ҳар йили Ҳарвард университетида илм-фан ва ҳаётдаги энг «ғалати, бемаъни, аммо ўйлашга мажбур қиладиган» ютуқлар учун берилади.
Тадбир Annals of Improbable Research (Ақл бовар қилмайдиган тадқиқотлар) журнали томонидан ташкил этилган. Номи: инглизча ignoble («шармандали, нолойиқ») сўзидан ясалган, лекин рус тилида кўпинча «Нобел» билан оҳангдошлиги туфайли «Шнобелевская» деб аталади. Мукофотнинг мақсади илм-фан устидан кулиш эмас, аввал кулги уйғотиб, кейин ўйлантирадиган ғайриоддий тадқиқотларни тан олиш экани таъкидланади.
Мавзуга оид
21:09 / 04.12.2025
Биринчи «Марказий Осиё – Япония» саммити Токиода ўтказилади
14:29 / 02.12.2025
Япония Наманганда робот-ассистент хирургиясини жорий этади
10:28 / 28.11.2025
Саида Мирзиёева Япониянинг Ўзбекистондаги янги элчиси билан учрашди
18:48 / 27.11.2025