Жаҳон | 09:05 / 29.08.2023
10276
2 дақиқада ўқилади

Зеленский: уруш вақтида сайловлар фақат ғарбнинг пулига ўтказилиши мумкин

Украина президенти уруш давом этаётган бир пайтда сайлов ўтказиш учун давлат бюджетидан пул ололмаслигини айтди. Бундан ташқари, у ҳарбий хизматчилар ва қочқинлар томонидан овоз бериш, шунингдек, кузатувчиларни юбориш муаммоларига ишора қилди.

Фото: Украина президенти офиси

Агар АҚШ ва Европа Иттифоқи Киевга сайлов кампанияси ва овоз беришни молиялаштиришда ёрдам берса, Украинада уруш пайтида сайловлар ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда президент Володимир Зеленский журналист Наталя Мосейчукка берган интервюсида айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, сайловларни тинчлик даврида ўтказиш учун тахминан 5 миллиард гривна керак. «Уруш вақтида қанчага тушишини билмайман. Мен сайловларни кредитга ўтказмайман, қуролдан ҳам пул олиб, сайловга бермайман», - дея огоҳлантирди Зеленский 28 август, душанбага ўтар кечаси ғарбнинг Украинада сайлов ўтказиш ҳақидаги чақириқларига изоҳ берар экан.

Кузатувчиларни юбориш ва ҳарбийларнинг иштироки

Шу билан бирга, у сайловлар бўлиб ўтса, АҚШ ва Европа ўз кузатувчиларини Украинага, жумладан, фронт чизиғига юбориши кераклигини таъкидлади. «Аммо энг муҳими - бирга таваккал қилайлик. Кузатувчилар хандақда бўлиши керак. Мен айтдим: сайловларимиз бутун дунё учун қонуний бўлиши учун биз кузатувчиларни фронтга жўнатишимиз керак. Бу - мутлақо адолатли», - деди Украина президенти.

Бундан ташқари, ҳарбий хизматчилар, шунингдек, Европа мамлакатлари бўйлаб тарқалиб кетган миллионлаб украиналик қочқинлар учун овоз бериш имкониятини таъминлаш керак. Зеленский Украина қонунчилиги сайловларни ҳарбий ҳолат шароитида ўтказишни тақиқлашини эслатди.

Октябр ойидаги парламент сайловлари бекор қилинди

Аввалроқ америкалик республикачи сенатори Линдси Грэм Киевга ташрифи чоғида Украина ҳукуматини сайловларни 2024 йилдан кечиктирмай ўтказишга чақирган эди. Айни пайтда Украина Олий радаси ҳарбий ҳолатни ноябр ойи ўрталаригача узайтирди, бу эса Конституцияга кўра, 29 октябрга белгиланган навбатдаги парламент сайловларини ўтказишни имконсиз қилди. 2024 йил 31 мартга белгиланган президентлик сайловларини ўтказиш ҳам савол остида қолмоқда.

Мавзуга оид