Жаҳон | 09:11 / 30.08.2023
6134
2 дақиқада ўқилади

Германияда Россияга дронлар учун эҳтиёт қисмларини сотган тадбиркор ҳибсга олинди

Асли келиб чиқиши россиялик бўлган Германия фуқароси санкцияларни бузган ҳолда, «Орлан-10» УУА учун бутловчи қисмларни етказиб берган. Прокуратура уни ташқи иқтисодий фаолият тўғрисидаги қонунни бузганликда айбламоқда. 

Фото: Christoph Schmidt/dpa/picture alliance

Германия федерал прокуратураси Россияга учувчисиз учиш аппаратлари учун электрон компонентлар етказиб беришда айбланаётган асли келиб чиқиши россиялик бўлган тадбиркорга нисбатан тергов олиб бормоқда, деб хабар берди Карлсруэ прокуратураси 29 август, сешанба куни.

Саар федерал ҳудудида иккита компанияни бошқараётган тадбиркорга ҳарбий техника ишлаб чиқарувчи Россия компаниясига, жумладан, Украинага қарши урушда Россия армияси томонидан фойдаланилган «Орлан-10» дронлари учун 26 та электрон бутловчи қисмлар етказиб бериш айби қўйилган. 

Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтиш

Федерал прокуратура хабарида қайд этилишича, 2020 йилнинг январидан 2023 йилнинг мартигача етказиб берилган умумий қиймати 700 минг евродан ортиқ бўлган компонентлар Россияга қарши киритилган эмбаргони бузади. Санкцияларни четлаб ўтиш учун тадбиркор аввалига Германияга маҳсулот импорт қилган, сўнгра Баден-Вюртембергдаги фирмалардан бири орқали уларни Россияга етказиб берган.

Карлсруэдаги идора баёнотида айтилишича, 2022 йил февралида Россиянинг Украинада ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан буён учувчисиз учоқлар учун электрон компонентлар Россияга Дубай орқали, шунингдек, Литва ва бошқа бир қанча давлатлар орқали етказиб берилди.

Тадбиркор март ойидан бери Мангеймдаги суд томонидан чиқарилган ордер асосида ҳибсда сақланмоқда. Ўзининг алоҳида аҳамияти туфайли иш федерал прокуратурага ўтказилди, у ҳам 28 август куни айбланувчини ҳибсга олишга ордер берди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид