Ўзбекистон | 19:54 / 31.08.2023
25599
2 дақиқада ўқилади

Икки ой олдин қамалган Урганч шаҳрининг собиқ ҳокими озодликка чиқади 

Шуҳрат Абдуллаев Олий суд қарорига кўра, жаримага тортилди ва қамоқдан озод этилди. 

Фото: Урганч шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Хоразм вилояти, Урганч шаҳри ҳокими лавозимида ишлаган Шуҳрат Абдуллаев озодликка чиқади. 

Олий суд кассация инстанциясининг 29 августдаги ажримига мувофиқ, Шуҳрат Абдуллаев ўз айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, муқаддам судланмагани ва иш бўйича етказилган моддий зарарни ихтиёрий равишда тўлиқ қоплагани инобатга олинди ва қамоқдан озод қилиниши белгиланди. Шу билан бирга, базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баравари (165 млн сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланди. 

2023 йил 4 июль куни Жиноят ишлари бўйича Хива туман суди Шуҳрат Абдуллаевни 2018-2020 йиллар мобайнида Урганч шаҳар ҳокими лавозимида ишлаган даврида Жиноят кодексининг 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” банди ва 229-4-моддаси (ер бериш тартибини бузиш) 2-қисми “а”, “б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топиб, 2 йилга давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида мансабдор ва моддий жавобгар шахс лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган эди. Хоразм вилояти суди аппеляция инстанцияси ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди. 

Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати Шуҳрат Абдуллаевнинг айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, муқаддам судланмагани ва етказилган моддий зарар қопланганини инобатга олиб, унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаш ҳақида келтирилган протестни қаноатлантирди.

  • Шуҳрат Абдуллаев 1967 йилда Хоразм вилоятида туғилган. 2018−2020 йиллар мобайнида Урганч шаҳар ҳокими лавозимида фаолият юритган.

Мавзуга оид