Фан-техника | 12:18 / 01.09.2023
82124
16 дақиқада ўқилади

Италияликлар ва немислардан ўзлаштирилган, уруш ногиронларига бепул берилган «Запорожец» – СССРдаги энг арзон машина тарихи

1960 йилда СССРда кичик ҳажмли «Запорожец» машиналари чиқарилади. У Италиянинг Fiat компаниясида чиқарилган Fiat-600’нинг ўзи эди. Кўп ўтмай «Запорожец»ларнинг янгиланган модели чиқарилади. Бу сафар ГФРнинг NSU Motorenwerke AG компаниясида чиқарилган «NSU Prinz IV» машинаси ўзлаштирилади. Ҳар икки ҳолатда ҳам советлар италияликлар ва немислардан рухсат сўрашмайди.

Ҳудуди жиҳатдан дунёдаги энг йирик, аҳоли сони бўйича Хитой ва Ҳиндистондан сўнг учинчи ўринни эгаллаган, атом ва водород бомбаларига эга, космосни ўзлаштиришда етакчи давлат бўлган СССР ўзининг автомобил саноати билан мақтана олмаган.

1960-йиллар бошида Европанинг ривожланган давлатлари, АҚШ ва Япония каби давлатларда бир нечтадан автомобилсозлик компаниялари бўлиб, уларнинг ҳар бири ўнлаб турдаги машиналар ишлаб чиқарар эди.

СССРда эса Германиядан кўчириб келинган Opel компанияси линияларида  «Москвич», америкаликлардан ўзлаштирилган «Виллис» ва яна бир-икки хил машина ишлаб чиқариларди.

Ўша пайтда аҳолининг турмуш даражаси бироз ўнгланиб, енгил автомобилларга талаб ошади. Айниқса иккинчи жаҳон урушида ногирон бўлиб қайтган одамлардан енгил автомобил сотиб олиш бўйича мурожаат кўп эди.

Ана шундай вазиятда совет ҳукумати автомобилларга бўлган талабни бироз енгиллаштириш учун ихчам ва арзон машина ишлаб чиқаришга қарор қилади.

1958 йил 28 ноябрда «Кам сарфли автомобиллар ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш ҳақида»ги қарор қабул қилинади. Бироқ янги автомобил лойиҳасини тайёрлаш учун мамлакатда керакли мутахассисларнинг ўзи йўқ эди.

Ана шундай шароитда чорасиз қолган советлар Европадаги турли компаниялар ишлаб чиқараётган бир нечта автомобилларни ўргана бошлайди.

Жумладан, Британиянинг British Motor Corporation компанияси томонидан ишлаб чиқарилаётган Mini, Италиянинг Fiat компаниясида ишлаб чиқарилаётган Fiat-600 автомобиллари кўриб чиқилади. Охир-оқибат Fiat-600 автомобилини ўзлаштиришга аҳд қилишади.

Италияда чиқарилган Fiat-600 / Фото: fidanzata.at.ua

Fiat-600 ихчам ва арзон автомобил бўлиб, бошқа машиналардан фарқли равишда унинг мотори орқа томонда, юкхонаси эса олд қисмида жойлашган эди.

Машина асосан уч эшикли қилиб ишлаб чиқарилар ва у Италиядан ташқари Лотин Америкаси давлатларида жуда оммабоп эди. Fiat-600ʼнинг олд ва орқа ўриндиқларида тўрт киши жойлашиши мумкин эди.

Советлар аввалига Fiat-600ʼнинг айнан ўзини ишлаб чиқаришади. Кейинроқ унинг кузовини сал ўзгартириб, уч эшикли хэтчбекни икки эшикли седан кўринишида чиқара бошлашади.

Бу сафар ГФРнинг NSU Motorenwerke AG компаниясида чиқарилган «NSU Prinz IV» машинасини ўзлаштирилади ва унга ЗАЗ-966 номи берилади.

Немислар ишлаб чиқарган «NSU Prinz IV» машинаси Фото: bringatrailer.com

«Запорожец» автомобилининг чиқарилиши

Совет конструкторлари Fiat-600 автомобилини ўзлаштирар экан, ҳукумат қарорига кўра, уни Украинанинг Запорожье шаҳрида ишлаб чиқаришга қарор қилади. Бу ерда қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқарувчи «Коммунар» заводи бор эди.

Янги машинага двигателлар Мелитопол мотор заводида тайёрлана бошланади. Бошқа эҳтиёт қисмлар ҳам мамлакатдаги турли корхоналарда тайёрланиб, Запорожьега юбориларди.

Бу орада «Коммунар» заводи янги ускуналар билан қайта жиҳозланади ва 1959 йил июн ойида янги машинанинг синов нусхаси ишлаб чиқарилади.

Машина дарҳол Москвага жўнатилади, уни шахсан Хрушчёвнинг ўзи синовдан ўтказиши режа қилинганди. Машинага «ЗАЗ-965» деб ном беришади. Москвада Хрушчев машинани бошқариб кўради ва уни ишлаб чиқаришга рухсат беради. Ўшанда «Маккажўхори қироли» (Хрушчёв АҚШга сафар қилиб келгач ҳамма ёққа маккажўхори эктирган) машинани мақтайди.

«Баракалла, бу машина бизнинг меҳнаткашларга жуда яхши совға бўлди», деган эди у.

1960 йил 22 ноябр куни завод конвейеридан биринчи «ЗАЗ-965» автомобили чиқарилади. Янги машина 10 километр масофага 7,5 литр бензин сарфлар, унинг максимал тезлиги соатига 80 километр эди. Халқ орасида ЗАЗ-965 «Запорожец» деб атала бошланади.

ЗАЗ-965А

«ЗАЗ-965» автомобили 1961 йилда пул алмашгандан сўнг 1800 рубл нарх билан сотувга чиқарилади. Бироқ ҳамма ҳам бу машинани сотиб ололмасди. Кейинчалик «Запорожец»нинг нархи оширилади ва 3 минг рублдан сотилади.

1970-йиллар бошидаги курс бўйича 3 минг рубл салкам 4 минг доллар бўлган ва АҚШда бу пулга кондиционер ўрнатилиб чиқарилган Ford Mustang Mach 1 машинасини сотиб олишнинг имконияти бўлган.

Ўша пайтда енгил автомобилларга талаб жуда юқори ва одамлар йиллаб навбат кутишга маҳкум эди. Шунингдек, гарчи машинанинг нархи жуда арзон бўлса ҳам, уни арзимаган маош олаётган совет фуқароларининг «чўнтаги кўтармасди».

Қолаверса, «Запорожец»ларни мамлакатдаги уруш ногиронларига беришни режлаштиришганди, улар ҳам машина кутаётганди.

Ўша пайтда талаб юқорилиги учун «ЗАЗ-965А» билан бирга дастлабки «ЗАЗ-965» модели ҳам ишлаб чиқарилаверади. СССРда автомобил саноати шу даражада орқада эдики, автосервис масаласи ҳам жуда чатоқ эди.

Жумладан, таъмирлашга муҳтож бўлган автомобилларни тузатиш учун устахоналар бўлмаган. Шу жумладан таъмирталаб бўлган «ЗАЗ» автомобилларини ҳам.

1960-йиллар бошларида фақат Москвада «ЗАЗ» автомобилларини таъмирлашга ихтисослашган бор-йўғи еттита устахона бор эди холос. Уларда ҳам керакли эҳтиёт қисмлар топилмас, ҳатто мой тақчиллиги учун моторнинг мойини алмаштиришнинг иложи йўқ эди.

1961 йилда завод номи «Запорожье автомобил заводи» деб ўзгартирилади. Шу йилдан бошлаб завод конструкторлари ЗАЗ-966 модели устида иш бошлайди ва у 1962 йилдан бошлаб чиқарилади.

ЗАЗ-966 ГФРнинг  NSU Motorenwerke AG компаниясида чиқарилган «NSU Prinz IV» машинасининг ўзи эди

«ЗАЗ-966» автомобили «ЗАЗ-965» ва «ЗАЗ-965А»лардан бироз фарқ қиларди. Мотор аввалги машиналарда бўлгани каби орқа томонда, юкхона эса олд қисмида жойлашганди.

Шунингдек, машина двигатели қуввати 30 от кучигача оширилган, максимал тезлиги ҳам соатига 120 километрга етказилган эди. Кейинчалик Запорожьедаги заводдан «ЗАЗ-966А», «ЗАЗ-968», «ЗАЗ-968А», «ЗАЗ-968М» моделлари ҳам ишлаб чиқарилади.

Бу моделлар ҳам советлар томонидан ишлаб чиқарилмаган. Улар Германия Федератив Республикасида жойлашган NSU Motorenwerke AG компаниясида чиқарилган «NSU Prinz IV» моделининг ўғирланган варианти эди.

Советлар NSU Prinz IV моделини немислардан рухсат олмасдан «ЗАЗ-966» номи билан ишлаб чиқаришади. Кейинчалик «ЗАЗ-966А», «ЗАЗ-968», «ЗАЗ-968А», «ЗАЗ-968М» моделлари «ЗАЗ-966»нинг сал ўзгарган кўринишида тайёрланган.

Бу машиналарнинг умумий кўриниши қарийб бир хил бўлиб, улар 1994 йилгача ҳеч қандай ўзгаришларсиз ишлаб чиқарилади.

1960-йиллар бошида Запорожьедаги заводда енгил машина ишлаб чиқарилар экан, завод конструкторлари «ЗАЗ-966» базасида кичик юк машиналари, фурганлар, пикаплар ва микроавтобуслар ҳам ишлаб чиқаришни режалаштиради.

ЗАЗ-970 пикапи. Бу машинанинг синов нусхалари ишлаб чиқарилган холос

Жумладан, «ЗАЗ-970» номи билан кичик юк машинаси, «ЗАЗ-970Г» номи билан пикапнинг синов нусхалари ишлаб чиқарилади ва синовдан ўтказилади. Бироқ режаларнинг барчаси қоғозда қолиб кетади ва завод фақат енгил машиналар ишлаб чиқаради холос.

1960-йиллар охирида Запорожьедаги заводда ҳатто пойга машинаси ишлаб чиқаришни режалаштиришади. Охир-оқибат «Юность» деб номланган ушбу машина ҳам ишлаб чиқарилмайди.

1980-йилларнинг иккинчи ярмида СССРда «Қайта қуриш» номи билан иқтисодий ислоҳотлар бошланади. Мамлакатдаги автозаводлар бирин-кетин янги кўринишдаги машиналар ишлаб чиқара бошлайди.

Жумладан, АвтоВАЗ «ВАЗ-2108» ва «ВАЗ-2109» машиналарини, «Москвич» ҳам янги моделини чиқаришни бошлайди. Улардан ортда қолишни истамаган «Запорожец» заводидагилар «Таврия» номи остида янги моделни ишлаб чиқаради.

«Таврия»

ЗАЗ-1102 «Таврия»нинг ташқи кўриниши «ВАЗ-2108» машинасига жуда ўхшар, бироқ ўлчами кичикроқ эди. У ҳам «ВАЗ-2108»дек уч эшикли хэтчбек кўринишида чиқарилади.

«Таврия»нинг оғирлиги 700 кг бўлиб, юк кўтариш қуввати 450 кг эди. У ҳар 100 километрга 5,5 литр ёқилғи сарфлар, максимал тезлиги соатига 150 километргача оширилган эди.

Таврия ҳам советларнинг ўз модели бўлмаган. У Ford компанияси томонидан 1970-йилларда ишлаб чиқарилган Ford Fiesta машинасидан ўғирланган эди.

1976 йилда ишлаб чиқарилган Ford Fiesta машинаси

«Запорожец» характеристикаси

«Запорожец» машиналари бир нечта моделда ишлаб чиқарилган бўлиб, уларнинг барчаси қарийб бир хил эди. Биринчи чиқарилган «ЗАЗ-965 Fiat-600»ни эслатиб турган.

Кейинроқ чиқарилган «ЗАЗ-966» ва «ЗАЗ-968» маркалари қарийб бир хил бўлган. Уларнинг ташқи ва ички кўринишида билинар-билинмас ўзгаришлар қилинган холос.

«Запорожец»ларнинг юк кўтариш қуввати бор-йўғи 320 кг, ёқилғи сиғими 40 литр бўлган. Ўртача ҳар юз километрга 5,5-7 литр ёқилғи сарфлаган. Машина ЗАЗ-966 дан бошлаб икки эшикли қилиб чиқарилган.

«Запорожец»нинг:

  • Узунлиги 3730 миллиметр;
  • Эни – 1535-1570 миллиметр;
  • Баландлиги – 1370-1400 миллиметр;
  • Оғирлиги – 720-840 килограмм;
  • Соатига 100 километрга 32 секундда чиққан;
  •  Максимал тезлиги – соатига 120 км;
  • Механик узатув қутиси – 4 босқичли
  • Двигател қуввати – 1,2-1,3 литрли

«Запорожец»лар Европа, АҚШ ва Япония машиналари олдида жуда кўримсиз ва ғариб бўлса-да, уни экспорт ҳам қилишган. Машина хорижга «Yalta» номи билан чиқарилади.

ZAZ-966 Yalta

«Запорожец»даги ноқулайликлар

Илк машиналарнинг мотори жуда кучсиз бўлиб, бор-йўғи 22 от кучига эга эди. Қолаверса, советлар ишлаб чиқарган моторлар жуда сифатсиз бўлиб, қишнинг совуқ об-ҳавосида улар ўт олмасди.

Шу сабабли машинанинг олд қисмида уни куч билан ўт олдириш учун махсус жой қилинган ва ҳайдовчилар махсус металл ускуна билан моторни қўлда айлантириб ўт олдирарди.

«Запорожец» ўт олмаганда уни қўлда ўт олдиришган

Шунингдек, машина ўт олган пайтда мотордан чиқаётган шовқин жуда баланд бўлиб, ҳатто автомобил салонида ҳам узоқ ўтириб бўлмасди.

Бундан ташқари, «ЗАЗ-965»нинг бензин бакига уланган труба машинанинг юкхонаси жойлашган олд қисмида эди. Шу сабабли доим салон ичига бензин ҳиди анқиб турган.

Совет муҳандислари «ЗАЗ-965»даги ана шу камчиликларни қисман бартараф этишади. 1962 йилдан янги «ЗАЗ-965А» машинаси чиқарила бошланади. Бу машинанинг мотор қуввати 27 от кучига етказилади. Максимал тезлиги ҳам соатига 80 километрдан 90 километргача оширилади.

Машинанинг яна бир ноқулайлиги унинг салони жуда тор эди. «Запорожец»ларнинг орқа ўриндиғига икки киши жойлашар, учинчи одам қўшилса сиқилишиб қоларди.

Машина двигатели орқада жойлашгани учун уни совитиш учун ўрнатилган паррак иссиқ ҳавони салон ичига ҳайдар, шу сабабли «Запорожец» тез юрганда унинг ичи қизиб кетарди.

Шунингдек, двигател овози жуда баланд бўлиб, машина юрганда салоннинг ичида ва атрофга баланд шовқин тарқаларди.

Запорожецларнинг мотори орқада, юкхонаси олдинда жойлашганди

«Запорожец»ларнинг эшикларига ўрнатилган қулф ва резиналар сифатсиз бўлгани учун уларнинг эшиклари тезда яхши ёпилмайдиган бўлиб қоларди.

1960-йилларда «Запорожец» машиналари «Днепр» ва «Урал» мотоцикллари билан қарийб бир хил нархда сотилган. Бироқ ҳар иккала мотоцикллар BMWʼдан ўзлаштирилгани учун техник имкониятлари жуда юқори эди.

«Запорожец»ларга ўрнатилган двигател жуда ҳам кучсиз бўлиб, улар совуқда унча-мунчада ўт олмасди.

«Запорожец» машиналари СССРнинг барча ҳудудлари бўйлаб, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам сотилган. Шунингдек, ўзбекистонлик уруш ногиронларига бепул берилган. Бундай машиналар ҳанузгача айрим ҳудудларда сақланиб қолмоқда.

Ўзбекистонда «Запорожец»лар пойгаси

«Запорожец автомобил заводи» СССР парчаланиб кетганидан сўнг

СССР парчаланиб кетганидан сўнг «Запорожье автомобил заводи» ҳам ишлаб чиқаришни кескин камайтиради. Бунга бир нечта омиллар сабаб бўлади.

Биринчи навбатда турли иттифоқдош республикаларда жойлашган корхоналар ўртасида алоқалар узилади. Оқибатда керакли эҳтиёт қисмлар келиши тўхтайди.

Шунингдек, СССР парчаланиб кетгандан сўнг мустақил бўлган республикаларнинг барчаси ўз иқтисодиётини эркин бозор муносабатлари асосида ташкил этади.

Шу сабабли хориждан кўплаб янги ва фойдаланилган машиналар кириб кела бошлайди. Бундай шароитда 1960-йилларда ишлаб чиқарилган ҳолида ўзгармасдан келаётган «ЗАЗ» машиналари хориж машиналари олдида кўримсиз ва сифатсизга айланиб қолади ва уларни ҳеч ким олмай қўяди.

Шу тариқа 1994 йилда автозавод ўз фаолиятини тўхтатади. Кўп ўтмай «Запорожье автомобил заводи»га Франциянинг «Peugeot», Италиянинг «Fiat», Жанубий Кореянинг «Daewoo» компаниялари, 1995 йилда «General Motors» қизиқиш билдира бошлайди.

Украина иқтисодиёт вазирлиги «Daewoo» компанияси билан келишувга эришади ва бошланғич босқичда 150 миллион доллар сармоя киритиш шарти билан қўшма корхона тузилади.

ZAZ Lanos

Кореяликлар Запорожьедаги заводга янги линиялар ўрнатишади ва кўп ўтмай у ерда «Daewoo Lanos», «Daewoo Nubira», «Daewoo Leganza» каби машиналар ишлаб чиқарила бошланади.

Бироқ 1990-йиллар охирида юз берган иқтисодий инқироз туфайли «Daewoo» концерни банкрот бўлади ва 2003 йилда Украинадаги ҳиссасини сув текинга сотиб кетишга мажбур бўлади. Бироқ завод «Daewoo» компаниясига тегишли автомобилларни «Chevrolet» бренди остида ишлаб чиқаришда давом этади.

Шунингдек, 2006 йилда заводда Хитойнинг «Chery» компанияси билан ҳамкорликда бир неча хил машиналар чиқарила бошланади. Жумладан, 2010 йилдан бошлаб чиқарилган «ZAZ Forza» анча оммалашади.

ZAZ Forza

2022 йил 24 феврал куни Россия Украинага бостириб киргунча Запорожье автомобил заводида Франциянинг «Renault» компаниясига тегишли «Renault Arkana» машинасини, Mercedes-Benz компаниясининг кичик автобусларини ишлаб чиқаришга тайёргарлик кўрилаётганди. Уруш бошлангач завод ўз фаолиятини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид