Жаҳон | 08:30 / 02.09.2023
5809
4 дақиқада ўқилади

Нобел жамғармаси Россия элчисини маросимга таклиф қилгани учун танқидга учради

Бу йил фонд Россия ва Беларус элчиларини Нобел мукофотини топшириш маросимига таклиф қилишга қарор қилди, бу эса турли мамлакатларда танқидларга сабаб бўлди.

Швеция бош вазири Улф Кристерссон Нобел жамғармасининг жорий йилги Нобел мукофотини топшириш маросимига Россия ва Беларус элчиларини таклиф қилиш ҳақидаги қарорини танқид қилди, деб хабар бермоқда AFP 1 сентябр, жума куни. «Албатта, Нобел жамғармаси кимни таклиф қилишни ўзи ҳал қилади. Бошқа кўпчилик қатори мен ҳам Россия таклиф қилинганидан жуда ҳайрон бўлдим», - деди Кристерссон. «Агар тақдирлаш маросимига таклифномалар бўйича масъул бўлганимда бундай қилмаган бўлардим ва бу Швецияда ҳам, Украинада ҳам кўпчиликни хафа қилганини тушунаман», — дея қўшимча қилди бош вазир

Швециядаги бир неча партия етакчилари агар Россия элчиси келса, маросимни бойкот қилишини билдирди, деб ёзади Швециянинг Svenska dagbladet нашри. 

Украина ТИВ Россия ва Беларус элчилари таклиф этилганини қоралади 

Аввалроқ Нобел жамғармасининг қарори Украина Ташқи ишлар вазирлиги томонидан кескин қораланган эди. Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Олег Николенко буни «ўз қадриятларини ҳатто уларга қарши бўлган давлатларга ҳам тўғридан тўғри исботлаш истаги» билан изоҳлаш мумкинлигини таъкидлади. Аммо «Россия ва Беларусда инсонпарварлик қадриятларини исботлаш - бу қийин вазифа», «ҳаракатлар исталган натижага олиб келмайди», деди Николенко. «Россия элчиси Стокҳолм концерт залида чиройли костюмда ўтирган куни Россия армияси эгаллаб олинган Украина ҳудудларида навбатдаги ҳарбий ҳаракатларни содир этиши ва Россия ракеталари Украина шаҳарларидаги аҳоли турар жойларини вайрон қилиши эҳтимоли катта», деб ёзди Украина Ташқи ишлар вазирлиги спикери Facebook ижтимоий тармоғида. 

Беларус мухолифати етакчиси, президентликка собиқ номзод Светлана Тихановская Беларус элчисининг Нобел мукофотини топшириш маросимига таклиф қилинишини «Алфред Нобел қадриятларига путур етказиш» деб атади ва Нобел жамғармасини «ноқонуний режим вакилларини» таклиф этмасликка чақирди. 

Жамғарма элчиларнинг таклиф қилинишини дунёда мулоқот йўқлиги билан изоҳлади 

Бир кун аввал Нобел жамғармаси бу йил Швеция ва Норвегияда дипломатик ваколатхоналари бўлган барча давлатлар элчиларини 2023 йилги мукофотларни топшириш маросимига таклиф этиш ниятида эканлигини маълум қилган эди. Демак, маросимда Россия ва Беларус вакиллари ҳам иштирок этиши мумкин. Ўтган йили улар ҳам, Эрон элчиси ҳам Нобел мукофотини топшириш маросимига таклиф қилинмаган эди. 

«Дунё борган сари турли қарашларга эга бўлганлар ўртасида мулоқот минимал даражага тушаётган ҳудудларга бўлиниб бораётгани аниқ. Бу тенденцияга қарши туриш учун биз ҳозир Нобел мукофотини нишонлаш маросимига таклифлар сонини кенгайтирмоқдамиз, шунингдек, эркин илм-фан, эркин маданият ва эркин, тинч жамиятларнинг аҳамияти ҳам кўрсатилади», деди фонд ижрочи директори Видар Хелгесен. 

Нобел мукофотлари жамғарма асосчиси Алфред Нобел вафот этган сана муносабати билан 10 декабр куни топширилади. Унинг васиятига кўра, шу куни Швеция пойтахти Стокҳолмда физика, кимё, физиология ёки тиббиёт ва адабиёт бўйича мукофотлар, Норвегия пойтахти Ослода эса тинчлик бўйича Нобел мукофоти топширилади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид