Жаҳон | 09:47 / 02.09.2023
8619
4 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея Сариқ денгиз томон қанотли ракеталар учирди

Шимолий Корея Сариқ денгиз томон бир нечта қанотли ракеталар учирди, деб хабар берди Сеул. Икки кун олдин Шимолий Корея Жанубий Кореяга ядро зарбалари бериш бўйича машғулот ўтказиб, буни АҚШ билан биргаликдаги ҳарбий машқларга жавоб деб атади.

Фото: Ahn Young-joon/AP/picture alliance

Шимолий Корея Сариқ денгиз томон бир нечта қанотли ракеталар учирди, бу ҳақда 2 сентябр, шанба куни Жанубий Корея штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси хабар берди. Жанубий Корея ҳарбийларига кўра, бу маҳаллий вақт билан шанба куни эрталаб соат 4:00 лар атрофида (Тошкент вақти билан соат 23:00) содир бўлган. Сеул АҚШ билан биргаликда Шимолий Корея ракеталарини учириш тафсилотларини таҳлил қилаётганини билдирди.

31 август куни Шимолий Корея расмийлари бутун Жанубий Кореядаги нишонларга ядро каллаклари билан ракета зарбалари бериш бўйича машғулот ўтказилганини эълон қилди. Пхенян буни B-1B стратегик бомбардимончи самолётлари иштирок этган Жанубий Корея ва АҚШ армияларининг 11 кунлик қўшма ҳарбий машғулотларига жавоб деб атади. Бу ҳаракатлар КХДР томонидан «АҚШ томонидан профилактик ядровий зарба бериш режаларига тенг қадам» сифатида баҳоланган.

Бундан ташқари, бир ҳафта олдин Шимолий Корея ўзининг айғоқчи сунъий йўлдошини орбитага чиқаришга иккинчи уриниш ҳақида эълон қилган эди. Иккинчи ҳаракат, биринчиси каби, муваффақиятсиз бўлди. 

Россия фуқароси ва унинг компанияси АҚШнинг КХДРга қарши санкциялари рўйхатига киритилди

2023 йилда бўлиб ўтган Шимолий Кореянинг бу ва бошқа кўплаб ракета синовлари муносабати билан 1 сентябр куни Жанубий Корея, Япония ва Қўшма Штатлар Шимолий Кореянинг ракета дастури билан боғлиқ шахслар ва компанияларга қарши янги санкциялар жорий этилганини эълон қилди. 

АҚШ Молия вазирлиги Москвадаги «Интеллект» компанияси ва унинг бош директори Сергей Козлов ҳамда Шимолий Корея фуқароси Чон Чин Ённи Шимолий Кореяга нисбатан қўлланган санкциялар рўйхатига киритди. Идоранинг 31 август куни эълон қилинган баёнотида айтилишича, бу жисмоний ва юридик шахслар «оммавий қирғин қуроллари ва баллистик ракеталарни ноқонуний ишлаб чиқиш» билан шуғулланувчи «КХДРдаги ташкилотларни бевосита қўллаб-қувватлаган ёки даромад келтиришда ёрдам берган». Қайд этилишича, санкциялар КХДРнинг бир ҳафта олдин айғоқчи сунъий йўлдошни орбитага олиб чиқиш бўйича иккинчи муваффақиятсиз уринишига жавобан киритилган.

Вашингтон Пхенян ва Москва ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида эълон қилди 

Россия ва Шимолий Корея Украинага қарши урушда фойдаланиш учун қурол-яроғ етказиб бериш бўйича яширин музокаралар олиб бормоқда ва муҳокама «фаол равишда олдинга силжимоқда». Бу ҳақда 30 август, чоршанба куни Оқ уйдаги Миллий хавфсизлик кенгашининг (МХК) стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби матбуот анжуманида маълум қилди.
 
Август ойи ўрталарида АҚШ Вашингтон Шимолий Корея ва Россия ўртасидаги қурол-яроғ савдоси билан боғлиқ деб ҳисоблаган учта компанияга нисбатан санкциялар киритган эди. АҚШ Молия вазирлиги маълумотларига кўра, ушбу компанияларни назорат қилувчи Словакия фуқароси Ашот Мкртичев КХДР ва Россия ўртасида Шимолий Кореяга товарлар эвазига 20 дан ортиқ турдаги қурол ва ўқ-дориларни Россияга ўтказиш бўйича музокаралар олиб борган. 

Шу фонда АҚШ Молия вазирлиги Россия Украинадаги урушда йўқотаётган ўқ-дори ва қурол-яроғлар учун КХДР ва бошқа иттифоқчиларга тобора кўпроқ мурожаат қилишга мажбур бўлаётганини айтди. Буни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг июл ойи охирида бўлиб ўтган КХДРга ташрифи тасдиқлаши мумкин. 

Мавзуга оид