Ўзбекистон | 08:18 / 04.09.2023
3870
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари Хитой провинцияларига экспорт қилинади

Гуанчжоуда ўтказилган халқаро кўргазмада Ўзбекистон ҳудудларининг экспорт ва ишлаб чиқариш имкониятлари намойиш этилди.

Фото: Дунё АА

Ўзбекистоннинг Гуанчжоудаги бош консулхонаси томонидан жорий йил 25-28 август кунлари бўлиб ўтган 31st Guangzhou Fair кўргазмасида Ўзбекистон миллий стенди ташкил этилди ва мамлакат миллий маҳсулотлари намойиш этилди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Кўргазмада Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ва экспортга йўналтирилаётган 20 дан ортиқ қайта ишланган қишлоқ хўжалиги ва қандолат маҳсулотлари намойиш этилди, мамлакат сайёҳлик ва экспорт салоҳияти тақдимоти ўтказилди.

Ўзбекистон дипломатлари кўргазма давомида Гуандун импорт маҳсулотлари уюшмаси (GDIFA) бош котибининг ўринбосари Вэнси Тан билан музокара ўтказдилар.

Учрашув натижасида томонлар шу йил 21-23 сентябрь кунлари ўтказиладиган Food2China Expo and the Guangzhou International Food & Ingredient Fair кўргазмаларида иштирок этадиган ўзбек компанияларининг стендлари учун чегирмалар тақдим этиш, мамлакат экспортчилари, ҳудудий ишлаб чиқарувчилари ва Гуандун, Фуцзян провинциялари импортёрлари ҳамда савдо тармоқлари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини йўлга қўйиш тўғрисида келишувга эришилди.

31st Guangzhou Fair кўргазмаси 90 минг квадрат метр майдонда ташкил этилди. 9 та павильондан иборат комплексда шаҳарсозлик, маҳаллий шаҳарларни тарғиб қилиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш бўйича янги технологиялар намойиш этилди. Кўргазма янги озиқ-овқат ва халқаро етказиш занжирлари, технология ва ускуналар, кексалар соғлиғини сақлаш саноати ва тиббиёт йўналишларини ҳам қамраб олди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид