Жаҳон | 08:34 / 04.09.2023
8100
2 дақиқада ўқилади

ХОҚ Россия ва Беларус спортчиларига Осиё ўйинларида қатнашишга рухсат бермади

Россия ва Беларус спортчиларининг Осиё ўйинларида иштирок этишини «техник сабабларга кўра амалга ошириб бўлмайди», дея таъкидлади ХОҚ. Бу мусобақалар Париж Олимпиадасига йўлланма олиш имконини беради.

Фото: REUTERS/Benoit Tessier

Россия ва Беларусдан бўлган спортчилар 23 сентябрда бошланадиган Осиё ўйинларида иштирок эта олмайди, деб хабар берди 2 сентябр куни Inside the games портали. Аввалроқ шу ҳақда Осиё Олимпия кенгашига (ООК) таяниб The Indian Express нашри хабар берган эди.

«Россия ва Беларус паспортига эга спортчиларнинг 2023 йилги Осиё ўйинларида иштирок этиши концепцияси ишлаб чиқилаётган эди, бироқ техник сабабларга кўра у амалга ошириб бўлмайдиган бўлиб чиқди», — дея маълум қилди Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ). «Россиялик ва беларуслик спортчилар Осиё ўйинларида бўлмайди, бу - ООК эмас, ХОҚнинг қарори», - деди ООК вакили Inside the games’га.

Украина уруши муносабати билан Россия ва Беларус спортчилари учун чекловлар 

Россиянинг Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошлаши биланоқ ХОҚ Россия ва Беларусга халқаро спорт мусобақаларида қатнашишни тақиқлади. Бир неча ой ўтгач, қўмита спорт федерацияларига россияликлар ва беларусликларнинг танланган спорт турларида ва қатъий шартларга риоя қилган ҳолда нейтрал спортчилар сифатида қайтишига рухсат беришни тавсия қилди. 

Ушбу тавсия 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада ва 2026 йилда Италияда бўлиб ўтадиган Қишки Олимпиада ўйинларида иштирок этишга тааллуқли эмас, деб эслатади Inside the games. Бу борадаги қарор «тегишли вақтда» қабул қилинади, дея маълум қилди ХОҚ. 

Июл ойида ОАВ 500 нафаргача россиялик ва беларуслик спортчи 2023 йилги Осиё ўйинларига нейтрал мақомда қўйилиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди. Мусобақада иштирок этиш спортчиларга Париж Олимпиадасига йўлланма олиш имконини берар эди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид