Ўзбекистон | 18:16 / 05.09.2023
14318
2 дақиқада ўқилади

Саида Мирзиёева Ўзбекистон ЮНЕСКО конференциясини Самарқандда ўтказишга тайёрлигини маълум қилди

ЮНЕСКОнинг Париждаги бош қароргоҳида Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигига бағишланган кўргазма очилди. Кўргазма доирасида ташкилот бош директори Одри Азуле билан учрашган Саида Мирзиёева ЮНЕСКОнинг 2025 йилги конференциясини Самарқандда ўтказишни таклиф қилди. Таклиф маъқулланса, бу – ЮНЕСКО сессияларини фақат Парижда ўтказиш бўйича 40 йилдан ошиқ давом этган анъананинг ўзгариши бўлади.

Фото: Саида Мирзиёева / Telegram

Ўзбекистон президентининг ёрдамчиси Саида Мирзиёева ва ЮНЕСКО бош директори Одри Азуле 4 сентябр куни ташкилотнинг Париждаги бош қароргоҳида “Абу Райҳон Беруний. Географик ва интеллектуал саёҳатлар” кўргазмасини очиб берди. Кўргазма буюк аллома таваллудининг 1050 йиллигига бағишланган.

Ташриф буюрувчилар визуал инсталляциялар ёрдамида Абу Райҳон Берунийнинг ҳаёти ва ижоди, кашфиёт ва изланишлари ҳақида маълумот олишлари мумкин. Экспозицияда алломанинг Франция миллий кутубхонаси фондидан йиғилган қўлёзмаларига алоҳида жой ажратилган.

“Ўйлайманки, ушбу лойиҳа Европа жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотиб, буюк алломаларимиз мероси билан фахрланадиган ўзбек замини ҳақидаги тасаввурларини янада бойитади”, – дея кўргазма ҳақида фикр билдирди Саида Мирзиёева.

У, шунингдек, Ўзбекистон ЮНЕСКО бош конференциясининг 43-сессиясини 2025 йилда Самарқандда ўтказишга тайёрлигини маълум қилди.

“Агар ушбу таклиф маъқулланса, бу тарихий воқеа ЮНЕСКО сессияларини фақат Парижда чақириш бўйича 40 йилдан ошиқ давом этган анъанани ўзгартира олади”, – деди Мирзиёева.

Маълумот учун, ЮНЕСКО – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таълим, фан ва маданият соҳаларига оид махсус ташкилоти ҳисобланади. Ташкилотга 1945 йил 16 ноябрда асос солинган. Ўзбекистон ЮНЕСКОга 1993 йил 26 октябрда аъзо бўлиб кирган.

Мавзуга оид