Турли мамлакатларда болани мактабга юбориш харажатлари ҳисоблаб кўрилди
Ўзбекистонда 2023 йилда болани мактабга юбориш учун ўртача 1 млн сўм сарфланади. Харажатлар ҳажми қўшни давлатларникидан унчалик фарқ қилмайди.
Янги ўқув йили бошланди. Ота-оналар фарзандини мактабга юбориш учун канцелярия товарлари, рюкзак, мактаб ва спорт формаси, пойабзал сотиб олди. Хўш, ота-оналар фарзандини мактабга юбориш учун қанча маблағ сарфламоқда, қўшни давлатларда вазият қандай? Қирғизистоннинг Kaktus.media нашри бир қанча мамлакатларда болани мактабга юбориш харажатларини ҳисоблаб чиқди.
Қирғизистон (1 млн сўм - 4,4 млн сўм)
Қирғизистонда болани мактабга юбориш камида 7 минг қирғиз сўмига (1 млн сўм) тушади. Ва бу энг арзон ва сифати паст товарлар учун. Ота-оналар сўзларига кўра, баъзида харажатлар 30 минг қирғиз сўмигача (4,4 млн сўм) етиши мумкин. Кўпчиликнинг таъкидлашича, нархлар ўтган йилга нисбатан ошган.
Қозоғистон (1,1 млн сўм – 2,8 млн сўм)
Агар рюкзак, канцелярия товарларининг минимал тўплами, мактаб ва спорт формаси, бир жуфт пойабзал ва бир жуфт кроссовка харид қилсангиз, умумий сумма 40 минг тенге (тахминан 1,1 млн сўм) бўлади.
Ота-оналар сўзларига кўра, одатда болага тахминан 100 минг тенге (2,8 млн сўм) сарфланади, чунки керакли товарларни ҳар доим энг арзон нархда топиш иложсиз. Бундан ташқари, совуқ об-ҳаво тушгунга қадар баъзи нарсаларни кўпроқ олиб қўйган афзалроқ.
Биринчи синф ўқувчисининг харажатлари кўпроқ бўлиши табиий, чунки деярли ҳамма нарсани сотиб олиш керак. Қозоғистон пойтахти аҳолиси фикрига кўра, бозордаги нархлар шаҳар дўконларидаги нархлардан унчалик паст эмас.
Россия (3 млн сўм – 3,6 млн сўм)
«Росстат» маълумотларига кўра, 2022 йилда ўғил болани биринчи синфга юбориш учун 22,3 минг рубл (3 млн сўм), қиз бола учун 26,8 минг рубл (3,6 млн сўм) сарфланган. Россия матбуоти 2023 йилдаги нархлар шулардан унчалик фарқ қилмайди, деб ҳисобламоқда.
Табиийки, нархлар товарлар сифатига, минтақага ва сотиб олинган жойга қараб ўзгариб туради (кўпчилик ота-оналар бозорларда харид қилиш арзонроқ эканини таъкидлайди).
Ўзбекистон (900 минг сўм – 2,5 млн сўм)
Ўзбекистонда 2023 йилда болани мактабга юбориш учун камида 1 млн 472 минг сўм сарфлаш керак бўлади, деб маълумот берди Sputnik.
Kazinform нашрининг Ўзбекистондаги мухбирига кўра, Тошкент шаҳрида мактаб учун зарур бўлган канцелярия буюмларининг тўлиқ тўплами (жумладан, рюкзак ҳам) қиймати - 600 минг сўмдан 1 млн сўмгача. Шунингдек, ота-оналар боланинг ёши ва хоҳишидан келиб чиқиб, мактаб формаси учун 300 минг сўмдан 1,5 млн сўмгача тўлаши керак бўлади.
Тожикистон (500 минг сўм – 1,5 млн сўм)
Stanradar маълумотларига кўра, тожикистонликлар болани мактабга юбориш учун камида 420 сомоний (500 минг сўм) сарфлайди. Аммо аксарият ота-оналар фарзанди учун камида 1500 сомоний (1,8 млн сўм) сарфлаганини айтишган.
Сўровларга кўра, турли мамлакатлардаги ота-оналарнинг аксарияти энг арзон товарларни сотиб олиш фойдасиз эканини таъкидлаган. Бу айниқса, кийим-кечак, пойабзал ва портфелга тааллуқли, чунки бундай нарсалар жуда тез яроқсиз ҳолга келади. Педиатрларнинг таъкидлашича, болалар учун сифатсиз товарларни харид қилиш яхши эмас, чунки бундай тежаш соғлиқ учун харажатларни ошириши мумкин.
Мавзуга оид
20:35 / 16.11.2024
«Беш ташаббус олимпиадаси» спорт мусобақаси ташкил этилади
18:33 / 02.08.2024
Бу йил мактабларда ўқувчилар учун мажбурий форма жорий этилмайди
20:40 / 25.06.2024
Ота-оналар учун тарбия ҳафталиклари ўтказилади
21:09 / 25.05.2024