«Мен хафа бўлдим... лекин мен у (Си Жинпинг) билан учрашмоқчиман», деган Байден 3 сентябр куни журналистларга, аммо у буни айнан қачонга режалаштирганига аниқлик киритмаган. Си ва Байден охирги марта 2022 йил Индонезияда бўлиб ўтган G20 саммитида учрашган эди.

4 cентябр куни расмий Пекин шу ҳафта Деҳлида бўлиб ўтадиган саммитда Хитой делегациясига ХХР давлат кенгаши бош вазири Ли Сиянг раҳбарлик қилишини маълум қилди.

Байденнинг баёнотини Оқ уй энг ривожланган иқтисодиётларни бирлаштирган G7 гуруҳи доирасидан ташқаридаги глобал ҳамкорликка ҳам катта аҳамият бераётгани далили сифатида талқин қилиш мумкин.

Бироқ, АҚШ-Хитой алоқаларини комадан олиб чиқишга уринган Вашингтон дипломатларининг бу йилги кўплаб ташрифларига қарамай, АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатлар кескинлигича қолмоқда.

Ушбу муносабатларда савдо низолари, Тайван келажаги ва Хитойнинг Жанубий Хитой денгизидаги экспансияси каби жуда кўп муаммолар бор.

Пекинга G20 нимага керак?

4 cентябр куни бўлиб ўтган матбуот брифингида Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Си Жинпингнинг Деҳли саммитида қатнашиши ҳақидаги хабарларни доимгидек на тасдиқлади, на инкор этди.

«Ли Сиянг G20 саммитида иштирок этадиган Хитой делегациясига бошчилик қилади. Бу йирик ва муҳим глобал иқтисодий форумдир. Хитой доимо унга катта аҳамият бериб келган ва тегишли тадбирларда фаол иштирок этган», деган Хитой ТИВ вакили.

Пекин, аввалроқ, G20нинг иссиқхона газлари эмиссиясини қисқартириш бўйича консенсусига тўсқинлик қилаётгани ҳақидаги хабарларни «фактларга мутлақо зид» дея рад этган эди.

«Хитой халқаро иқтисодий ҳамкорликнинг етакчи форуми сифатида G20, глобал барқарор ривожланишни рағбатлантириш, иқтисодий ривожланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишни мувофиқлаштириш, иқлим ўзгариши муаммосини ҳал қилиш борасида жиддий масъулиятни ўз зиммасига олади, деб ҳисоблайди», — дейилади Хитой ТИВ хабарида.

Ли Сиянг — Хитойнинг иккинчи даражали раҳбари ва Си Жинпингнинг ўнг қўли ҳисобланади. Бироқ, Вашингтонда жойлашган Atlantic Council таҳлил маркази ходими Жош Липскийнинг фикрича, давлат раҳбарининг йўқлиги «Катта йигирматаликнинг узоқ муддатли барқарор ҳаётийлиги ва муваффақияти»ни шубҳа остига қўяди. Унинг сўзларига кўра, Си Жинпингнинг йўқлиги G20 келажагига экзистенциал таҳдиддир.