Ўзбекистон | 22:14 / 06.09.2023
9497
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидан ўтувчи энергия ресурслари устидан назорат кучайтирилади 

Икки давлатнинг божхона чегараси орқали қувур йўли транспорти ва электр узатиш линиялари орқали олиб ўтиладиган энергия ресурслари устидан божхона назорати ташкил этилади. 

Фото: Unsplash

Қозоғистон парламенти Мажилиси йиғилишида «Қозоғистон ҳукумати ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида Қозоғистон-Ўзбекистон божхона чегараси орқали энергия ресурсларини қувур йўли транспорти ва электр линияси орқали ўтказиш жараёнида қўшма божхона назорати тўғрисида»ги Битимни ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Битим 2021 йил 6 декабрь куни Астана шаҳрида имзоланган. 

«Битимнинг мақсади - Қозоғистон-Ўзбекистон божхона чегараси орқали қувур йўли транспорти ва электр узатиш линияларидан олиб ўтиладиган энергия ресурсларини назорат қилиш самарадорлигини оширишдан иборат. Ҳужжат икки давлатнинг божхона чегараси орқали қувур йўли транспорти ва электр узатиш линиялари орқали олиб ўтиладиган энергия ресурслари устидан биргаликда божхона назоратини ташкил этишни назарда тутади», деди Қозоғистон бош вазири ўринбосари, молия вазири Ерулан Жамаубаев. 

Унинг сўзларига кўра, келишув энергия ресурсларини божхона декларацияси ва божхона назорати бўйича тажриба, божхона иши соҳасидаги давлатларнинг миллий қонунчилиги талаблари бузилиши тўғрисидаги маълумотлар билан алмашишни кўзда тутади. 

«Мазкур битимни ратификация қилиш мамлакат учун салбий ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди ва республика бюджетидан қўшимча маблағ ажратишни талаб қилмайди», деди вазир. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид