Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича нуфузли халқаро конференция якунланди — хулосалар
Самарқандда икки кун мобайнида ўтказилган озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Халқаро конференция ўз ишини якунлади. Унда қарийб 2 млрд АҚШ долларига тенг келишувлар имзоланди.
Самарқанддаги дунё аҳамиятига молик саммитлар, конференциялар ва бошқа тадбирларнинг ўтказиш масканига айланиб қолган «Ипак йўли» туризм марказида конференциянинг иккинчи кунида «Марказий Осиё ва Кавказда қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари ва инновациялар» мавзусида илмий форум, шунингдек, Ўзбекистон агроозиқ-овқат инвестиция форуми ҳам ўтказилди.
Қайд этиш керак, озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференциянинг ташкил қилиниши Ўзбекистон Республикаси президенти Ш.Мирзиеёвнинг бир йил аввал ўтган ШҲТ саммитида кўрсатган ташаббуси туфайли юз берди.
Нуфузли анжуман БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти — FAO’нинг техник кўмаги билан ташкиллаштирилди. Унда 30 дан ортиқ давлатдан вазирлар ва дипломатлар, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Жаҳон банки, Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Ислом ташкилоти, Осиё тараққиёт банки ва бошқа халқаро ташкилотлар, молия институтлари ҳамда илмий ташкилотларнинг вакиллари иштирок этишди.
Конференциядан кўзланган мақсад
Kun.uz мухбирининг шу саволига жавоб берар экан, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Азир Воитов дунё ҳамжамияти олдида турган асосий масалаларни биргаликда қайта кўриб чиқиш ва мавжуд муаммоларга биргаликда ечим топишдан иборатлигини таъкидлади.
«Мунозара ва музокаралардан кўзланган асосий мақсад давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, очликни бартараф этиш йўналишида олиб борилаётган ишлар билан танишиш, тажриба алмашиш ва асосий масалаларга ечим топишдан иборат.
Бундан ташқари, БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти — FAO билан биргаликда, уларнинг стратегиясидан келиб чиқиб, озиқ-овқат хавфсизлигини мониторинг қилиш масаласи кўрилган. Маҳсулотлар етиштирилаётгани ва уларнинг истеъмолини олдиндан кўриш, прогноз ва таҳлил қилиш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўришни йўлга қўямиз», — деди Азиз Воитов.
Албатта, конференция давомида Ўзбекистонда сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигини юксалтириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тажрибалар билан ўртоқлашиш, бўлишиш, керакли тажрибаларни ўзлаштириш, бу соҳа бўйича давлатлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳам мақсад қилинган.
Жаҳонда озиқ-овқат хавфсизлиги муаммолари
Лотин тилида «Fiat panis» («Нон бўлсин») шиори остида фаолият кўрсатиб келаётган FAO маълумотларига кўра, жаҳонда озиқ-овқат хавфсизлиги мўътадил ёки ўткир мавжуд бўлмаган шароитда айни пайтда 2,3 млрд инсон яшамоқда. Уларнинг 556 миллион нафари (25 фоизи) Осиё қитъасида яшайди.
Жаҳондаги сўнгги йиллардаги геосиёсий вазият билан боғлиқ тебранишлар, албатта, озиқ-овқат хавфсизлиги учун ҳам етарли таҳдидлар пайдо қилган. Биргина Украинадаги уруш Африка қитъасида очарчилик хавфини келтириб чиқармоқда.
Мавжуд ва бўлажак таҳдидларни бартараф этиш ва жиловлаш юзасидан FAO бешта устувор йўналишни белгилаб олган:
- Очликка, озиқ-овқат хавфсизлиги йўқлиги ва тўйиб овқатланмасликка қарши курашишга кўмаклашиш;
- Қишлоқ хўжалиги, ўрмон хўжалиги ва балиқ хўжалиги маҳсулдорлиги ҳамда барқарорлигини ошириш;
- Қишлоқ жойларда қашшоқлик даражасини қисқартириш;
- Агроозиқ-овқат тизимларининг инклюзивлиги ва самарадорлигини таъминлаш;
- Кризислар ва таҳдидларга қарамасдан яшаб қолиш учун воситаларни кучайтириш.
Айни пайтда глобал иқлим исиши, унумдор ерларнинг деградацияга учраши, қурғоқчилик, ёғин-сочинлар, ёнғинлар, урушлар ва бошқа табиий офатлар натижасида экин ерларига ва етиштирилаётган маҳсулотларга зарар етиши — буларнинг барчаси глобал миқёсда озиқ-овқат хавфсизлигига путур етказувчи омиллардан экани саналмоқда.
Бунинг учун глобал логистикани йўлга қўйиш, озиқ-овқат маҳсулотларини тўсиқсиз етказувчи «яшил йўлаклар» барпо этиш, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, етиштирилаётган донли ўсимликлар, мева-сабзавотларнинг ҳосилдорлигини, турли табиий ташқи таъсир, офат ва касалликларга чидамлилигини ошириш каби масалалар кун тартибида бўлиб турибди.
Бу муаммоларга ечим топиш учун нафақат қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳамкорлиги, балки давлатларнинг бошқа идоралари ҳамкорлиги ҳам йўлга қўйилиши тақозо этилади.
Бу борада Ўзбекистон томонининг ташаббусларидан яна бири — Марказий Осиёдаги қўшни давлатларимизнинг шу йўналишдаги биргаликда умумий ҳамкорлигини йўлга қўйиш бўлди. Кооперация тизимини йўлга қўйиш асосида биргаликда маҳсулот етиштириш, маҳсулот айирбошлаш каби масалалар Марказий Осиё минтақасида ўз ечимини топади.
Халқаро ҳамкорлик
Конференция доирасида Ўзбекистонда сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш бўйича халқаро ҳамкорлик ўрнатиш юзасидан ҳам музокаралар бўлиб ўтди.
Италия қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва ўрмон вазири Франческо Лоллобрижида Ўзбекистон билан наслдор чорвачиликни ривожлантириш масаласида ҳамкорликни кучайтириш ҳақида таъкидлаб, келгусида ушбу йўналишда биргаликда қўшма корхоналар ташкил этиш имконияти борлигини айтди. Ҳар икки давлат вазирликлари ўртасида наслдор чорвачиликни ривожлантириш бўйича музокаралар ҳам бўлиб ўтган.
Германиянинг паррандачиликка ихтисослашган Big Dutchman International GmbH компанияси савдо ишлари бўйича директори Штефан Ҳиннерс келгусида ўзбекистонлик паррандачилик билан шуғулланаётган фермерларни молиялаштириш бўйича 50 миллион евро миқдоридаги лойиҳани амалга оширишни ният қилганини ошкор этди.
«Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳозир муҳокама қилаётган масаламиз — Ўзбекистон фермерлари ва талабалари учун паррандачилик бўйича ўқув маркази очиш борасида бўлмоқда. Бу ўқув марказида биз, албатта, соҳани ривожлантириш, етиштирилаётган маҳсулотлар ва боқилаётган паррандаларни Ўзбекистон иқлимига мослаштириш, бу борада ўзимизнинг технологияларни янада кўпроқ жорий этиш устида иш олиб бормоқчимиз», — деди Ҳиннерс.
Қароргоҳи Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида жойлашган, 57 та давлатни қамраб олган Озиқ-овқат хавфсизлиги Ислом ташкилоти бош котиби Ерлан Байдаулетнинг айтишича, озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича бундай катта тадбир МДҲ республикаларида ўтказилмаган.
«Бир пайтлар биз ҳам шундай тадбирни ўтказишни хоҳлаганмиз, лекин етарлича қўллов бўлмагани учун ўтказа олмаганмиз. Бундай тадбирлар ҳар йили ўтказилиши керак.
Ташкилотимиз ҳам шу йўналишда ишламоқда. Масалан, биз Марказий Осиёдан ўтган транспорт коридорлари, жумладан Араб давлатларига осонроқ чиқиш бўйича ишлаяпмиз. Бу тадбирда ҳамкор давлатлар вакиллари билан янги йўналишлар бўйича фикр алмашяпмиз.
Сир эмас, собиқ иттифоқ давридан буён Марказий Осиё республикалари асосан хомашё етиштирган ва асосан марказга (Россияга) юборилган. Бу иш ҳозир ҳам давом этиб келяпти.
Энди ҳар бир республика, шу жумладан Ўзбекистон ҳам ўзига янги бозор топиш учун ҳаракат қиляпти. Маҳсулотларни дунёнинг барча ҳудудларига етказиб бериш йўлларини қидиряпти. Ана шундай шароитда бундай тадбирларнинг аҳамияти жуда катта», — деди Ерлан Байдаулет.
Кўргазма, форумлар ва келишувлар
Халқаро конференция доирасида «Ўзбекистон агроозиқ-овқат салоҳияти» кўргазмаси ҳам ўтказилди. Кўргазмада Ўзбекистон аграр тармоғини ислоҳ қилишда эришилган ютуқлар намойиш этилди. Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳаларидаги салоҳияти, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги ёндашувлари намойиш этилди. Конференция қатнашчилари уруғчилик, боғдорчилик, чорвачилик, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг кластер, кооперация, агрологистика усуллари билан таништирилди.
Нуфузли тадбир доирасида «Марказий Осиё ва Кавказда қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари ва инновациялар» мавзусида илмий форум ҳам ташкил этилди. Форумда 26 давлатдан 150 дан ортиқ хорижлик олимлар ва Ўзбекистондан 200 дан ортиқ олимлар иштирокида давра суҳбати ўтказишди. Иштирокчилар ҳосилдорликни ошириш, янги чидамли навларни яратиш, турли касалликлар ва ташқи таъсирларга қарши курашиш бўйича қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилишди.
Агроозиқ-овқат инвестиция форумида 1,88 млрд АҚШ долларига тенг келишувлар имзоланди. Жумладан:
- Тўғридан тўғри инвестициялар – 857,3 млн АҚШ долларига тенг 24 лойиҳа;
- грантлар ва халқаро молия институтлари маблағлари — умумий қиймати 707,5 млн АҚШ долларига тенг 14 та лойиҳа;
- 319,2 млн АҚШ долларига тенг савдо келишувлари.
Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Халқаро конференция давомида сессияларда муҳокама қилинган масалалар бўйича Самарқанд декларацияси ҳам қабул қилинди.
Самарқанд декларациясида иштирокчи мамлакатларнинг қишлоқ хўжалигини экологик жиҳатдан энг хавфсиз, биохилма-хилликни қўллаб-қувватлайдиган усулда, сув ресурсларидан оқилона фойдаланган ҳолда ривожлантириш, аҳоли, айниқса болалар ва ўсмирларнинг соғлом овқатланишига кўмаклашиш, мактабда овқатланиш комплекс дастурларини жорий қилиш, аёлларнинг агроозиқ-овқат тизимлари трансформациясидаги улушини ошириш учун қишлоқ жойларидаги аёллар ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш, давлат миқёсида кичик ва оилавий хўжаликларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ишлаб чиқариш, табиий ва молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш каби мақсадлари қайд этилди.
Халқаро озиқ-овқат хавфсизлиги конференцияда белгилаб олинган мақсадларни амалга ошириш, эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича улкан ишлар кутиб турибди. Албатта, белгилаб олинган вазифаларнинг барчаси самарали амалга оширилса, Ўзбекистонда, қолаверса, минтақамиз ва жаҳоннинг катта қисмида озиқ-овқат хавфсизлиги, «нол очлик» мақсадларига эришиш, аҳолига сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотларини узлуксиз етказишдек улуғвор мақсадларга эришилади.
Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади.
Мавзуга оид
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024