Сўнгги йилларда кибержиноятчилик 25 баробар ошди – Бош прокурор
Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев аҳолига мурожаат қилиб, тизимда олиб борилаётган ишлар, режадаги муҳим тадбирлар бўйича маълумот берди.
Бош прокурорнинг қайд қилишича, 2023 йилда жиноятчиликка қарши кураш ҳолатини ўрганиш бўйича 4,5 мингга яқин текшириш ўтказилиб, прокурор назорати билан боғлиқ 6,5 мингдан ортиқ ҳужжат қўлланган. Профилактик тадбирлар натижасида 4 мингдан зиёд маҳаллада жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган.
Шу билан бирга, олдини олиш мумкин бўлган жиноятларнинг 45 фоиздан ортиғи бевосита маҳаллаларда содир этилган. Бош прокурор сўзларига кўра, 1,7 мингга яқин маҳаллада криминоген вазиятни яхшилаш – кечиктириб бўлмайдиган вазифа.
Ниғматилла Йўлдошев таълим соҳасига ҳам тўхталиб, ўқувчиларнинг дарсга тўлиқ қатнаши таъминланиши, сабабсиз дарс қолдирувчилар ва уларнинг ота-оналари билан манзилли профилактик тадбирлар ўтказилиши қатъий назоратга олинишини маълум қилди.
Бош прокурорнинг таъкидлашича, жиноятчиликнинг янги турлари, жумладан, кибержиноятчилик кўпаймоқда. Сўнгги уч йилда бундай жиноятлар қарийб 25 баробар ошган, фуқароларнинг катта миқдордаги пуллари онлайн тарзда ўғирланган.
Бундай жиноятларнинг олдини олиш учун Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида махсус кафедра, илмий-услубий марказ ва ўқув лабораторияси ташкил этилган. Келгусида фуқароларни кибертаҳдидлардан ҳимоя қилиш, мазкур соҳага замонавий дастурий-техник ечимларни ва янгича иш усулларини жорий этиш бўйича комплекс чоралар кўрилиши айтилди.
Ниғматилла Йўлдошев назорати бевосита прокуратура органларига юклатилган ер ҳамда энергия ресурсларини талон-торож этиш, мансабни суиистеъмол қилиш ва коррупция билан боғлиқ жиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда фош қилишга қаратилган тадбирлар изчил давом эттирилишини маълум қилди.
Шу билан бирга, иқтисодий жиноятларга, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатларига қарши курашиш, «хуфиёна иқтисодиёт»ни шакллантиришнинг турли схема ва каналларини аниқлаш борасидаги ишлар жадаллаштирилиб, мамлакатимизнинг иқтисодий ривожига тўсқинлик қилувчи ҳолатларни бартараф этиш таъминланишига ваъда берди.
Шунингдек, терговга қадар текширув, суриштирув ва тергов фаолияти устидан қатъий назорат ўрнатиш йўли билан инсон ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратилишини таъкидлади. Бу жараёнда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя қиладиган, юксак маънавий, психологик сифатларга, таҳлилий фикрлаш қобилияти ҳамда юқори касб кўникмаларига эга бўлган терговчилар корпусини шакллантириш диққат марказида бўлишини айтди.
Бундан ташқари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлашга доир фаолияти мувофиқлаштириб борилишини, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш борасидаги фаолиятда йўл қўйилган хато ва камчиликлар юзасидан прокурор назорати кучайтирилиб, улар бартараф этилишини маълум қилди.
Бош прокурор сўзининг охирида мамлакатда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда прокуратура соҳаси ходимлари аввало халқ билан ҳамкорликда иш олиб боришини таъкидлади.
Шу билан бирга, қонунларда белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий риоя этиш, ўзгалар ҳуқуқи, мол-мулкига дахл қилмаслик ҳам қонуний, ҳам инсоний бурч эканини доимо ёдда тутишга чақирди.
Мавзуга оид
19:01 / 11.11.2024
Ўзбекистон ва Саудия бош прокурорлари тергов ва ахборот алмашинувида ҳамкорлик бўйича келишув имзолади
18:40 / 09.11.2024
МИБнинг Андижон ва Фарғона вилоятлари бошқармаси раҳбарлари ўзгарди
23:51 / 27.10.2024
Бош прокуратура ОАВ вакилларини тасдиқланмаган ахборот тарқатишдан огоҳлантирди
15:34 / 24.10.2024