Жаҳон | 12:08 / 09.09.2023
6607
3 дақиқада ўқилади

Мадрид: ЕИ Россиядан СТГ импортини тўхтатишни режалаштирмаяпти

Россиядан Европа Иттифоқига СТГ импорти 40 фоизга ошди, бироқ Европа Иттифоқи етказиб бериш ҳажмини камайтиришни режалаштирмаяпти, деди Испания энергетика вазири.

Фото: Reuters

Европа Иттифоқида Россиядан суюлтирилган табиий газ (СТГ) импорти кескин ошганига қарамай, уни босқичма-босқич тўхтатиш бўйича қисқа муддатли режа йўқ. Бу ҳақда 8 сентябр, жума куни Испания энергетика вазири Тереза Рибера Reuters агентлигига маълум қилди.

«Ўйлайманки, эртами-кечми, агар Россия ва Украинада бирор нарса ўзгармаса, бу тақиқ (Россиядан Европа Иттифоқига СТГ импорти) амалга оширилади. Қўшимча ҳаракатларнинг олдини олиш учун, тинч йўл билан», - дея тахмин қилди Рибера. 

«Менга бу ёқмаяпти. Биламан, бизда мавжуд бўлган инфратузилма туфайли СТГ бозорида янги ўйинчилар исталган вақтда реэкспорт қилиш имкониятига эга бўлиш учун Россия СТГни объектларимизда сақлаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз», - дея давом этди вазир. Унинг сўзларига кўра, Испания ҳукумати ушбу импортни тўхтатиш йўлларини қидирмоқда, аммо ташқи савдо билан боғлиқ бўлган Европа Иттифоқининг келишилган позициясисиз тақиқ учун ҳеч қандай қонуний асос топа олмаяпти. 

«Шунинг учун биз компаниялардан Россиянинг янги мажбуриятларини ўз зиммасига олмаслигини ва бу СТГни қаердан олиши бўйича шаффофроқ бўлишини сўрадик», деди Рибера. 

Россиядан Европа Иттифоқига СТГ импорти 40 фоизга ошди 

Европа Иттифоқи томонидан Россия гази ва бошқа энергия манбаларини импорт қилишга тақиқ қўйилган бир пайтда, жорий йилнинг январ-июл ойлари орасида Россиядан СТГнинг Европага импорти 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 40 фоизга ошди ва ҳеч қандай пасайиш белгилари кўринмаяпти, деб ёзади Reuters. 

Белгиянинг Bruegel консалтинг компанияси ҳисоб-китобларига кўра, Европа Иттифоқи давлатлари 2022 йилда Украина уруши бошланганидан шу йилнинг февралигача СТГ учун Россияга 12 миллиард евро тўлаган. Июн ойи ўрталарида TotalEnergies раҳбари Патрик Пуянне Европа давлатлари АҚШ босимига қарамай, Россиядан СТГ сотиб олишни давом эттиришга рози эканини айтди. Унинг таъкидлашича, 2022 йилда Европа Иттифоқи Россиядан 15 миллион тонна СТГ импорт қилган - бу ЕИ мамлакатлари 100 миллион тонналик умумий эҳтиёжларининг деярли олтидан бир қисми. 

Шунга қарамай, 2023 йилнинг дастлабки саккиз ойида Россиянинг нефт ва газдан жами даромадлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 38 фоизга қисқарди, деб ёзади Reuters Россия Молия вазирлиги маълумотларига таяниб. Европа Иттифоқи 2027 йилгача Россиядан энергия ресурслари импортидан бутунлай воз кечмоқчи, дея эслатади агентлик. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид