Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европа Иттифоқи Россия суд тизими вакилларига қарши санкциялар киритди
Россия органларининг прокурорлари, судьялари ва терговчилари Қримда инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузгани учун Европа Иттифоқи санкцияларига дучор бўлди. Санкциялар рўйхатига олти киши қўшилган.
Европа Иттифоқи кенгаши 8 сентябр, жума куни Россия Федерациясида ва Украинанинг Россия томонидан вақтинча эгаллаб олинган ҳудудларида инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузганлик учун жавобгар бўлган олти нафар шахсга нисбатан чеклов чораларини киритди.
Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхати Қримда Россия ҳокимияти томонидан тузилган судларда ишлаган прокурор ва судьялар билан тўлдирилди. Улар 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган журналист Владислав Есипенко ва қрим-татар Наримон Жалоловга қарши сиёсий сабабларга кўра судларда қатнашган, дейилади Европа Иттифоқи кенгаши баёнотида.
Бундан ташқари, рўйхатга Россия Федерацияси Федерал хавфсизлик хизматининг икки ходими киритилган бўлиб, улар Есипенкони қийноқларга солишда иштирок этган ёки унинг иши, шунингдек, Қрим-татар жамияти вакилларининг ишлари бўйича тергов ўтказган.
«Россия режими суд тизимидан инсон ҳуқуқларининг кўплаб қўпол бузилишлари учун восита сифатида фойдаланади», дейилади Европа Иттифоқи кенгаши баёнотида. Хусусан, гап ҳукмрон тузумга қарши бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, яъни фикр ва сўз эркинлигининг жиддий бузилиши ҳақида бормоқда.
«Европа Иттифоқи Россиянинг Қрим Автоном Республикаси ва Севастопол шаҳрини, шунингдек Украинанинг Донецк, Луҳанск, Запорижжя ва Херсон вилоятларининг бир қисмини ноқонуний аннексия қилишга уринишини тан олмайди, бу халқаро ҳуқуқни, шу жумладан БМТ низомини бузиш ҳисобланади. Европа Иттифоқи Украинанинг халқаро тан олинган чегаралари доирасида мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига содиқ қолади», - дея таъкидлади Брюссел.
Шундай қилиб, Европа Иттифоқининг инсон ҳуқуқларига оид санкциялар режими бўйича чеклов чоралари энди 67 жисмоний ва 20 юридик шахсга нисбатан қўлланади. Бу шахсларга нисбатан активларни музлатиш тартиби жорий қилинган ва Европа Иттифоқи фуқаролари ва компанияларига уларга маблағ бериш тақиқланган. Жисмоний шахсларга Европа Иттифоқига кириш ёки транзитдан ўтишга тўсқинлик қилувчи тақиқ жорий этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича глобал санкциялар режими 2020 йил 7 декабрда ўрнатилган. Бу геноцид, инсониятга қарши жиноятлар ва инсон ҳуқуқларининг бошқа жиддий бузилиши (масалан, қийноқлар, қуллик, қотиллик, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш) кабиларга нисбатан қўлланади.
Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилган янги шахслар
Қримда Россия томонидан тузилган «Қрим Республикаси Симферопол туман суди» прокурори ўринбосари Елена Подолнаяга нисбатан Европа Иттифоқи санкциялари жорий этилди. У журналист Владислав Есипенкога қарши сиёсий сабабларга кўра судда қатнашган ва уни 11 йилга озодликдан маҳрум қилишни таклиф этган. Унга қарши суд Россияда «ҳукмрон режимни танқид қилувчи ва Украинага қарши тажовузкор урушга қарши чиққан овозларни бостиришдан» далолат беради, деб ёзади Европа Иттифоқининг расмий журнали.
Ишга алоқадор яна бир шахс - Қрим Республикаси Симферопол туман суди судьяси Дилявер Берберов. 2021 йил 16 февралда у Есипенко иши бўйича ҳукмни эълон қилди ва уни 6 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Рўйхатда Россия кучлари томонидан яратилган «Қрим прокуратураси» прокурори Анастасия Супряга ҳам бор. У Қрим-татар халқи мажлиси раиси ўринбосари Ахтем Чийгоз ва қрим-татар жамияти аъзолари, жумладан Наримон Жалоловнинг сиёсий сабабларга кўра суд жараёнлари ва жиноий таъқибларида иштирок этган. Европа Иттифоқи кенгаши Супряга Қрим-татар жамияти аъзоларини таъқиб қилиш бўйича тизимли кампанияларда иштирок этганини ҳамда Россия ва у эгаллаб олган ҳудудларда инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши учун жавобгар эканлигини таъкидлайди.
Россия кучлари томонидан тузилган «Қрим Республикаси Олий суди» судьяси Виктор Крапкога нисбатан санкциялар қўлланди. У журналист Владислав Есипенко ва қрим-татар Наримон Жалоловга қарши сиёсий сабабларга кўра судларда иштирок этган. Крапко Қрим-татар жамияти аъзоларини таъқиб қилиш бўйича тизимли кампанияларда қатнашган.
«ФСБ» ходимлари Виталий Власов ва Денис Коровинга нисбатан ҳам Европа Иттифоқи жазо чоралари жорий этилди. Власов журналист Владислав Есипенко, Қримдаги қрим-татар жамияти аъзолари, жумладан Наримон Жалолов, иши бўйича терговга раҳбарлик қилган. Коровин Есипенкони қийноққа солишда иштирок этган, деб ёзади Европа Иттифоқининг расмий журнали.
Брюсселнинг таъкидлашича, Россия Федерациясининг суд тизими мустақил эмас ҳамда Россияда ва у эгаллаб олган ҳудудларда инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши учун жавобгардир.
Мавзуга оид
19:51 / 30.06.2026
“Фарҳод” автоэҳтиёт қисмлар бозоридаги жиноий гуруҳ аъзоларига ҳукм ўқилди
11:56 / 30.06.2026
Дониёр Турғунов устидан суд бошланди: автомобилни олиб қочиш моддаси айбловдан чиқарилган
18:40 / 23.06.2026
Фалажликда ўтган 4 йил ёхуд Исломов раҳбарлиги даврида суд тизими
09:00 / 16.06.2026