Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Володин: АҚШ ва ЕИ Россияда сайловлар ўтмаслиги учун ҳамма нарсани қилди
Аммо уларнинг режалари барбод бўлди, деди Россия Федерацияси Давлат думаси спикери.
Вашингтон ва Брюссел Россияда ва асосан унинг «янги субъектларида» сайловлар ўтмаслиги учун ҳамма нарсани қилди, бироқ уларнинг режалари барбод бўлди. Давлат думаси спикери Вячеслав Володин Россияда бўлиб ўтган сайловларни шундай изоҳлади.
Россиялик сиёсатчи мамлакатда Россия Федерациясининг 85 та субъектида сайловлар якунланганини эслатди. «21 тасида минтақа раҳбарлари сайланди. 4 та округда - Давлат думаси депутатлари. 20 тада - қонун чиқарувчи мажлислар депутатлари», — деб ёзди Володин Telegram-каналида.
Унинг таъкидлашича, биринчи марта Россия қонунчилигига мувофиқ сайловлар «янги субъектлар»: Донецк, Луҳанск, Запорижжя ва Херсон вилоятларида ўтказилди.
«Вашингтон ва Брюссел бу сайловлар бўлмаслиги учун ҳамма нарсани қилди: провокациялар, қўрқитиш ва Киев режими томонидан ўққа тутиш. Аммо уларнинг режалари барбод бўлди. Сайловчиларнинг хавфсизлиги таъминланди, овоз бериш очиқ, ҳалол, рақобат шароитида ўтди», - дея таъкидлайди сиёсатчи.
10 сентябр куни Россияда ягона овоз бериш куни бўлиб ўтди. 2023 йилда аксарият ҳудудларда уч кунлик сайловлар ўтказилди – 8-10 сентябрда, фақат бешта ҳудудда овоз бериш бир кундан икки кунгача давом этди. Умуман олганда, Россия Федерациясининг 85 та субъектида турли даражадаги сайловлар ўтди. 21 та ҳудудда тўғридан тўғри юқори мансабдорлар сайлови, 20 та субъектда эса қонун чиқарувчи органларга депутатлар сайлови ўтказилди. Хусусан, Сергей Собянин 100 фоиз протоколлар қайта ишлангандан сўнг, Москва мэрлигига сайловда 76,39 фоиз овоз билан ғалаба қозонгани маълум бўлди.
Шунингдек, овоз бериш биринчи марта Россия Федерациясининг «тўртта янги минтақаси» - Херсон, Запорижжя, Луҳанск ва Донецк вилоятларида кузатилди. 2022 йил 24 февралда Украинада ҳарбий можаро бошланганидан кейин ҳудудлар Россия Федерацияси назоратига ўтди.