22:56 / 12.09.2023
15076

Автомобил эгаси камера томонидан қайд этилган барча қоидабузарлик учун жавобгар бўлмайди — қонун лойиҳаси 

Таклиф этилаётган ўзгартиришларга кўра, махсус автоматлаштирилган фото ва видео техника воситалари орқали қайд этилган қоидабузарлик учун транспорт воситасини фуқаролик-ҳуқуқий тартибда бошқариш ёки фойдаланиш ҳуқуқини олган шахс жавобгарликка тортилиши мумкин. 

Фото: Kun.uz

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга йўл ҳаракати қоидалари бузилганлик учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди. 

Унга кўра, жисмоний ва юридик шахсга тегишли транспорт воситасидан фойдаланиб содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги махсус автоматлаштирилган фото ва видео техника воситалари орқали қайд этилган тақдирда, транспорт воситасини фуқаролик-ҳуқуқий тартибда бошқариш ёки фойдаланиш ҳуқуқини олган шахсларни маъмурий жавобгарликка тортишни белгиловчи қўшимча киритилмоқда. 

Бунга сўнгги йилларда автомототранспорт воситаларини ёллаш ва ижарага бериш бўйича хизмат кўрсатиш соҳаси ривожланиб бораётгани, хусусан, юридик шахслар томонидан транспорт воситаларини жисмоний шахсларга ижарага ва прокатга бериш бўйича хизматларни кўрсатиш оммалашиб бораётгани сабаб қилиб кўрсатилган. 

Амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 17(1)-моддасида махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган тақдирда, маъмурий жавобгарликка транспорт воситасининг мулкдори тортилиши белгилаб қўйилган. 

Ўзгартиришларга кўра, ушбу бандни «транспорт воситасининг мулкдори» деган сўзлардан кейин «ёки мазкур транспорт воситасини фуқаролик-ҳуқуқий тартибида фойдаланган шахс» деган сўзлар билан тўлдириш таклиф этилган. 

Ушбу модданинг иккинчи қисмини эса қуйидагича ўзгартириш таклиф этилмоқда: 

«Юридик шахсга тегишли транспорт воситасидан қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланиб содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги махсус автоматлаштирилган фото- ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган тақдирда, маъмурий жавобгарликка юридик шахснинг транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул бўлган шахс ёки мазкур транспорт воситасини фуқаролик-ҳуқуқий тартибида фойдаланган шахс тортилади». 

Лойиҳа муҳокамаси 26 сентябрга қадар давом этади. 

Top