АҚШда ҳукуматнинг Google’га қарши даъвоси юзасидан суд бошланди
АҚШ Адлия вазирлиги Google’ни қидирув бозорини монополлаштиришда ва адолатли рақобат қоидаларини бузганликда айблади.
АҚШда 12 сентябр, сешанба куни интернет қидирув тизимлари бозорини монополлаштириш ва адолатли рақобат қоидаларини бузганликда айбланаётган Google компаниясига қарши ҳукумат даъвоси бўйича суд жараёни бошланди, деб хабар бермоқда AFP.
«Бу иш интернет келажаги ҳақида - Google қачондир интернет-қидирувда жиддий рақобатга дуч келадими ёки йўқми, айнан шу бўйича», деди АҚШ ҳукумати юристи Кеннет Динцер суднинг биринчи эшитувида.
АҚШ Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, Google ноҳақлик билан қидирув бозорида устун мавқега эришган. Компания Google қидирув тизими устун туриши учун Apple ва Samsung каби мобил телефон ишлаб чиқарувчиларга йилига 10 миллиард долларгача тўлайди.
Ушбу жойни бошқариш туфайли Google шунингдек, контекстли реклама ва фойдаланувчи манфаатлари бўйича аноним маълумотлар билан савдо қилиш соҳасида монополистга айланади. Динцер ушбу схемани Google ҳукмронлиги тобора кучайиб бораётган «шафқатсиз доира» деб атади.
Google айбловларни рад этди
Интернет қидирув тизимлари бозорининг қарийб 90 фоизига эга бўлган Google айбловларни рад этди ва қидирув тизимининг муваффақияти унинг рақобатчиларидан яхшироқ эканлиги билан изоҳланишини билдирди. «Google ўнлаб йиллар давомида ўзининг қидирув тизимини инновация қилиб, такомиллаштириб келмоқда», деди судда Google юристи Жон Шмидтлейн.
Компания, шунингдек, Google маҳсулоти бепул эканлигини ва қидирув тизимидан фойдаланиш мажбурий эмаслигини таъкидлади, уни қурилмадан олиб ташлаш ва бошқасини ўрнатиш мумкин.
Microsoft жараёнидан кейин IT соҳасидаги энг катта суд
Шу пайтгача IT-соҳасидаги энг йирик монополияга қарши иш АҚШ расмийлари 1998 йилда суриштирув бошлаган Microsoft иши бўлган. Ўшанда компания операцион тизимлар бозорини монополлаштиришда айбланди. Ҳуқуқий низолар 2001 йилда Адлия вазирлиги ва Microsoft ўртасидаги келишув билан якунланди.
Жорий жараён камида 10 ҳафта давом этиши кутилмоқда. Агар судья Google рақобат тўғрисидаги қонунни бузганига рози бўлса, у бир қатор, жумладан, қидирув тизимининг бизнесини бўлиш чораларини кўриши мумкин, деб ёзади AFP.
Мавзуга оид
17:51
Bloomberg: АҚШ Адлия вазирлиги Googleʼдан Chrome’ни сотишни талаб қилади
16:15
Путин Россиянинг янгиланган ядровий доктринасини тасдиқлади
22:46 / 18.11.2024
Google почтани спамлардан ҳимоя қилувчи янги функцияни ишга туширади
21:54 / 18.11.2024