Ўзбекистон | 23:17 / 13.09.2023
10060
2 дақиқада ўқилади

Qiwi Ўзбекистон халқаро пул ўтказмаларини тўхтатди 

Мижозлар фақат ҳамёндан ўзбек провайдерлари хизматлари учун тўлов операцияларини, шунингдек Qiwi Ўзбекистон электрон ҳамёнлари ўртасида ўтказмаларни амалга ошириши мумкин. 

Россиянинг Qiwi компанияси Ўзбекистон шуъба корхонаси Марказий Банк чекловларидан сўнг, халқаро пул ўтказмалари, жумладан, Россия карталари ва электрон ҳамёнларига ўтказмаларни тўхтатди. 

Ўзбекистон Марказий Банки 5 сентябрдан бошлаб, тўлов ташкилотларига трансчегаравий операцияларни амалга оширишга тақиқ жорий қилди. Бу чора маҳаллий молия тизими ва финтех бозорини ҳимоя қилиш мақсадида кўрилгани айтилган эди. 

«Биз Ўзбекистон Марказий Банки томонидан кутилмаган чекловларга дуч келдик. Оқибатда Uzcard ва HUMO карталари фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлдик», дейилади Qiwi Ўзбекистон хабарида. 

Таъкидланишича, ҳозирда Uzcard ва HUMO карталари билан ҳар қандай транзакциялар, карталарга ҳар қандай ўтказмалар, Qiwi Россия ва Qiwi Қозоғистон электрон ҳамёнларига ўтказмалар, шунингдек, хорижий хизматлар ва молиявий хизматлар учун тўловлар амалга оширилмайди. 

Мижозлар фақат ҳамёндан ўзбек провайдерлари хизматлари учун тўлов операцияларини, шунингдек Qiwi Ўзбекистон электрон ҳамёнлари ўртасида ўтказмаларни амалга ошириши мумкин. 

Тўлов тизими Ўзбекистон Марказий Банкидан расмий кўрсатма олмагунча пул маблағларини ҳам чиқариб бўлмаслигини таъкидламоқда. Шунингдек, чекловларни олиб ташлаш муддати ҳам номаълум. 

Qiwi тўлов шуъба корхонаси Ўзбекистонда Payment Aggregation Systems номи остида 2020 йил июл ойидан бери фаолият кўрсатмоқда.

Мавзуга оид