Ўзбекистон | 07:48 / 13.09.2023
6189
3 дақиқада ўқилади

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази ташкил этилди

Малака тоифаси бериш бўйича аттестациялар жорий йилнинг 16 сентябридан бошланади.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг назарий билимлари, амалий кўникмалари, касбий маҳоратини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш функцияларини амалга оширувчи Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази ташкил этилди.

Вазирлик матбуот хизматига кўра, қуйидагилар марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланган:

- тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакаларини баҳолаш ва уларга малака тоифаларини бериш, бу борада мутахассислар билими, кўникмалари ва қобилиятларини объектив баҳолашнинг замонавий услубларини жорий қилиш;

- тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг ўз малакаси ва касбий даражасини мунтазам равишда ошириб боришида кўмаклашиш;

- аттестацияларни ўтказиш ва малака тоифалари бериш бўйича меъёрий-ҳуқуқий асосларни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш ҳамда замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш орқали унинг шаффофлигини таъминлаш;

- тиббиёт ва фармацевтика ходимларига қўйиладиган амалдаги талабларни таҳлил қилиш ва замонавий малакавий талабларни ҳамда уларни рўйхатдан ўтказишнинг норматив-ҳуқуқий базасини яратишда иштирок этиш.

Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малака тоифаси олиш бўйича ҳужжат топшириш ва аттестациядан ўтказишнинг мутлақо янги шаффоф ва адолатли тизим асосида ташкил этиш тартиби тасдиқланди.

Унга кўра:

- малака тоифасини бериш бўйича аттестацияларнинг онлайн тартиби жорий йилнинг сентябридан бошлаб, синов тариқасида врач ва фармацевтларга, 2024 йил 1 январдан бошлаб, барча тиббиёт ва фармацевтика ходимларига босқичма-босқич жорий этилади;

- малака тоифаси бериш бўйича тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг ҳужжатларини электрон шаклда қабул қилиш ва уларга электрон сертификатлар расмийлаштирилишини йўлга қўйиш учун “Тиббиёт ва фармацевтика ходимларига малака тоифаси бериш бўйича аттестациядан ўтказиш ва уларга сертификат бериш” ягона ахборот тизими (tibtoifa.ssv.uz) яратилди ва 2023 йил 11 сентябрдан тажриба синов тариқасида жорий этилади.

Эндиликда малака тоифаси бериш бўйича тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг ҳужжатлари фақат электрон шаклда tibtoifa.ssv.uz ахборот тизими орқали қабул қилинади.

Бунда, ҳужжат топшириш учун ҳар бир тиббиёт ва фармацевтика ходими Ягона идентификация тизими (OneID)да id.egov.uz ҳаволаси орқали рўйхатдан ўтиши лозим.

Малака тоифаси бериш бўйича аттестациялар жорий йилнинг 16 сентябридан бошланади.

Мавзуга оид