Жаҳон | 20:41 / 13.09.2023
15310
5 дақиқада ўқилади

“Украина муаммосини ҳал этадиган жой эмас” — G20 саммити қандай ўтди?

G20 декларациясида ўтган йилгидан фарқли равишда Россиянинг босқинчилиги бевосита қораланмагани – Москвани музокарага чақириш йўлими? Африканинг ташкилотга қўшилиши Ғарб бу қитъани БРИКСдан “қизғанаётгани”ни англатадими? “Геосиёсат”нинг навбатдаги сонида шу каби саволлар кўтарилди.

9-10 сентябр кунлари катта йигирматалик – G20 давлатлари раҳбарлари Ҳиндистон пойтахти Деҳлида йиғилди. Коллектив ғарб билан Саудиянинг улкан лойиҳалари, Украина инқирози, ғалла келишуви ва ташкилотга янги аъзо қабул қилингани кабилар учрашувнинг сиёсий рангини бойитди.

“Геосиёсат” дастури мавзуни сиёсатшунослар Фарҳод Толипов ва Сайфиддин Жўраев билан муҳокама қилди.

— G20 Африка иттифоқини ҳам ташкилотга қўшиб иқтисодий эмас, янада сиёсий шаклга айланиб боряптими? G20'га қўшилиш Жанубий Африка учун нима беради?

Фарҳод Толипов: G20'нинг тарихи ва эволюциясини кузатадиган бўлсак, биринчи тузилган пайтидаги мақсадлардан бироз четлашганга ўхшайди ҳозир. Энг ривожланган 20 та давлат жаҳон иқтисодиётига, муҳтож давлатларга ёрдам бериш мақсади қўйилган, ўзи бу мақсадларга қанчалар яқинлашяпти? G20'нинг таркибини жуда мукаммал деб бўлмайди, чунки унчалик ривожланмаган давлатлар ҳам бор. Айни шу таркибга Африка иттифоқини қўшиш ҳам ғалати ва бир қанча саволларни ўртага чиқаради.

БРИКСдан Африкани қўштирноқ ичида “қизғаниб” тортиб олишдир, деган эмоционал сабаблар ҳам унчалик асос бўлолмайди. Чунки ҳеч кимни ҳеч ким тортиб ололмайди. Кўп томонлама ташкилотлар кўпайиб кетяпти бугунги кунда. Кўпида БМТнинг мақсад-вазифалари такрорланади. G20 Африкага қай даражада ёрдам беролиши очиқ савол бўлиб қоляпти.

1950 йилларда бир қатор Африка ва Осиё давлатлари Бандунг конференциясида “77лар гуруҳи”ни тузади. Унда собиқ мустамлака мамлакатлар бўлади. Улар янги иқтисодий дастур тузишади, БМТга кузатувчи бўлиб рўйхатдан ҳам ўтишади. Улар ўз талабномалари билан чиқади. Унда ўз даврида мустамлакачи бўлган давлатларга бир қанча талаблар қўйилади. Аммо фақат энг ривожланган бир нечта давлат бу талабларни бажарган, қолганлари тан олмаган ҳам.

Сайфиддин Жўраев: G20'га Африка иттифоқининг қўшилишини адолатли деб биламан, чунки бу қитъадан фақат ЖАР бор эди олдин. Дунёда кучлар маркази ўзгаряпти. Дейлик, Африка бутунлай Хитой таъсирига тушиб қолмаслиги учун ҳам бу иш қилингандир. Ривожланиш бўлиб, Африканинг ҳам кучаяётгани сабабли балки бу ташкилот салмоғи ошар.

Африка иттифоқида 54 та давлат бўлгани билан уларнинг манфаатлари бир-бирига тўғри келмайди. Бундан ташқари, иттифоқда фақат 5 та давлат фаолроқ. Лекин шунда ҳам G20ʼга қўшилиш орқали Африка ўз муаммоларини кун тартибига чиқаришига имкон бўлади. Молиявий ва ҳуманитар ёрдамларнинг миқдори ошиши мумкин. Қитъадан ташқарида ҳам манфаатлари тўғри келадиган шериклар топишар.

— Хитой раҳбари Си Жинпинг саммитда иштирок этмаганига сабаб – Хитой лидерлик қилаётган БРИКСдан G20'нинг обрўсини пасайтиришми? Ёки бу Хитой ва Ҳиндистон муносабатлари билан боғлиқми?

Фарҳод Толипов: Бу вазиятга жуда бир кескин қарамаслик керак. Бундай жараёнлар тарихан мавжуд, Хитой ва Ҳиндистон кўпгина ташкилотларда бир таркибда аъзо. Хитой раиси бўлмаса-да, шу давлатнинг бир вакили келди-ку. Балки бошқа жиддий сабаблар бор келмаганига. Айрим манбаларда Хитойнинг ўзида иқтисодий ва сиёсий инқироз бошланаётган бўлиши мумкин, норозиликлар бор, дейилмоқда. Шу ҳам бир сабабдир эҳтимол.

Бундан ташқари, Ҳиндистон Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” лойиҳасига алтернатив ўз лойиҳасини тақдим этди ва саммитда қабул қилинди. Биламизки, саммитлардаги ҳужжат олдиндан расмийлаштирилади. Хитой ҳам бу нарсадан хабардор бўлган. Шунинг учун ўз норозилигини билдиргандир бу билан. Фақат тахминлар қилиш мумкин. Лекин менимча, Ҳиндистоннинг лойиҳаси билан Хитойнинг лойиҳаси зарар кўрмайди.

Сайфиддин Жўраев: Хитой ва Ҳиндистоннинг келишмайдиган жиҳатлари бор. Бу ерда рамзий томондан АҚШ билан сигналли муносабат бордир. Байден ҳам Хитой раҳбари билан учрашиш нияти бўлганини айтди. Демак, ХХР ва АҚШ ўртасида муаммоли масалалар йиғилиб қоляпти.

Юқорида айтилган Хитой ва Ҳиндистоннинг лойиҳалари бир-бирини тўлдирувчи деб ўйлайман, Фарҳод ака айтганидек, зарар кўрмайди Хитой. Саудия Арабистонининг Ҳиндистон лойиҳасида бўлиши Яқин Шарқнинг ҳам овози ўсаётганидан, яъни Саудия барча кучли давлатлар билан бир хил муносабатда бўлмоқчи. Ҳиндистон лойиҳаси ҳали-бери амалга ошиб, кучайиб кетиши қийин, чунки Хитойнинг лойиҳаси аллақачон ишлаяпти.

  • Тўлиқ интервюни видео тарзида томоша қилинг.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид