Жаҳон | 22:54 / 14.09.2023
12990
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Россия компаниялари ва фуқароларига қарши янги санкциялар жорий қилди

Рўйхатга йирик металлургия ва автосаноат компаниялари, банклар, уч нафар миллиардер киритилди.

Фото: Коммерсантъ

АҚШ ҳукумати Россиянинг бир неча ўнлаб компанияларига, жумладан, «АвтоВАЗ», «Москвич» ва «Альфа-групп»нинг А1 инвестиция бўлимига қарши санкциялар киритди. Янгиланган санкциялар рўйхати АҚШ Молия вазирлиги сайтида эълон қилинган.

Рўйхатга «Росавтодор», «Трансмашхолдинг», «Мосинжпроэкт», «Объединенная металлургическая компания», «Русская медная компания» ва «Ак-Барс» банки ҳам киритилган.

Бундан ташқари, Россиянинг 20 нафар фуқаросига ҳам санкциялар жорий қилинди. Улар орасида «Русская медная компания» асосчиси Игор Алтушкин, УГМК асосчиси Искандар Маҳмудов ва «Трансмашхолдинг» собиқ раҳбари Андрей Бокарев бор. Учаласи ҳам Forbes томонидан россиялик миллиардерлар рейтингига киритилган.

Жисмоний шахслар учун АҚШ санкциялари рўйхатига киритилиши уларнинг мамлакатдаги ҳар қандай активлари, шунингдек, 50 фоиздан ортиқ улушга эга бўлган ҳар қандай юридик шахсларнинг фаолияти музлатилишини англатади.

Бундан ташқари, улар билан ҳар қандай молиявий ҳамкорлик тақиқланади: товарлар ва хизматларни олиш ёки тақдим этиш, хайрия ва кредитлар. Санкцияларга дучор бўлган юридик шахслар билан ҳам вазият ўхшаш - бу активларни музлатиш ва ҳар қандай ўзаро ҳамкорликни тақиқлашдан иборат.

Мавзуга оид