Иқтисодиёт | 12:03 / 14.09.2023
16471
4 дақиқада ўқилади

Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2023 йил 26 октябрга белгиланган.

Фото: Марказий банк

2023 йил 14 сентябрда Марказий банк бошқаруви асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Маълум қилинишича, иқтисодиётдаги инфляцион жараёнлар бироз секинлашишига қарамасдан, айрим маҳсулот гуруҳлари нархларига оширувчи босимлар сақланиб қолмоқда. Жорий йилнинг август ойида инфляцион кутилмаларнинг ҳам ўсиши кузатилган.

Электр ва газ тарифларини аҳоли учун ўзгаришсиз қолдирилаётганлиги ҳисобига инфляцияга ушбу гуруҳдан бирламчи таъсирлар мавжуд бўлмаслиги айтилади. Бизнес субъектлари учун тарифлар оширилишининг иккиламчи таъсирлари инфляциянинг прогноз кўрсаткичларида инобатга олинган доирада бўлиши кутилмоқда.

Ёз ойлари бошидаги маълум пасайишдан сўнг август ойида йиллик инфляция 9 фоизга тенг бўлди. Озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари гуруҳларида инфляциянинг деярли ўзгармаганлиги шароитида хизматлар соҳасида нархлар ўсишининг 8,2 фоиздан 8,5 фоизгача тезлашиши инфляция ошишининг омилларидан бўлган.

Базавий инфляция кутилганидан кўра секинроқ суръатда пасайиб, йиллик 10,7 фоизни ташкил этган. Айни пайтда, базавий инфляциянинг пасаювчи тенденцияси барқарор тус олмоқда.

Аҳолининг келгуси 12 ой учун инфляцион кутилмалари тренд йўналишини ўзгартириб, 14,2 фоизгача ортди. Тадбиркорлик субъектларининг кутилмаларида ҳам ўхшаш тенденция кузатилиб, 14,4 фоизга тенг бўлди. Респондентлар томонидан кутилмалар ўсишининг асосий омиллари сифатида валюта курси ўзгариши, ёқилғи ва энергия нархларининг ошиши каби омиллар таъкидланган.

Глобал инфляция, асосан, энергия ресурслари ва хомашёлар нархларининг барқарорлашуви таъсирида секинлашмоқда. Шу билан бирга, кўплаб мамлакатларда базавий инфляция сезиларли даражада юқори ва барқарор бўлиб қолмоқда. Меҳнат бозоридаги қатъийлик иш ҳақлари ошишига сабаб бўлиб, хизматлар соҳасида доимий инфляцион босимни юзага келтирмоқда.

Сўм алмашув курсининг август ойидаги тўғриланиши реал самарали алмашув курсида ҳам акс этиб, узоқ муддатли трендига қараб оға бошлади. Йил охиригача ушбу динамикани кескин ўзгартирувчи омиллар кутилмаётгани айтилган.

Нақд пул тушумларининг умумий ҳажми январь-август ойларида 30,4 фоизга, савдо ва пуллик хизматлардан тушумлар 27,7 фоизга кўпайган. Шу билан бирга, трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми, 2021 йил кўрсаткичларига нисбатан сезиларли ўсишни сақлаган ҳолда, юқори база эффекти ҳисобига тескари тенденцияни намоён этиб, ўтган йилга нисбатан 32,4 фоизга пасайган.

Марказий банк асосий ставкасининг ўзгаришсиз қолиши ва унинг пул бозорига трансмиссияси, қисқа муддатли ликвидлик нархининг реал ҳисобда 3-4 фоизлик ижобий даражада шаклланишига ва шу орқали “нисбатан қатъий” пул-кредит шароитларини таъминлашга хизмат қилмоқда, дейилади МБ хабарида.

Жорий ички ва ташқи иқтисодий шароитларни ҳисобга олган ҳолда йил якунига қадар инфляция даражаси 8,5-9,5 фоизлик прогноз коридори доирасида бўлиши кутилмоқда.

Билдирилишича, асосий ставканинг жорий даражада ўзгаришсиз қолдирилиши, инфляциянинг йил якунига қадар прогноз доирасида шаклланиши учун зарур бўлган шароитларни яратиб боради ва нархларга монетар омилларнинг таъсирини олдини олиш учун зарурий чора ҳисобланади.  

Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2023 йил 26 октябрга белгиланган.

Мавзуга оид