Ўзбекистон | 13:32 / 15.09.2023
12711
3 дақиқада ўқилади

Душанбеда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқоти бўлиб ўтди

Мулоқотда минтақада атроф-муҳит билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш ва гендерга оид жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда уларни ҳал этиш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш ташаббуси билдирилди.

Фото: Senat.uz

Жорий йилнинг 14 сентябр куни Сенат раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги делегация Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида “Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига мослашиш шароитида гендер тенглигига эришиш” мавзусида ўтказилган Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқотининг навбатдан ташқари йиғилишида иштирок этди.

Минтақавий платформа ҳисобланган Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқотига 2020 йил декабр ойида Ўзбекистон ташаббуси билан асос солинган. 2021 йилда мулоқотга мамлакат раислик қилган эди.

Йиғилишда иқлим ўзгариши шароитида гендер тенглигига эришиш ҳамда барча аёл ва қизларнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича келгуси конструктив ҳамкорликни таъминлайдиган платформа яратиш ҳамда долзарб муаммоларнинг самарали ечимига қаратилган стратегия ва дастурларни ишлаб чиқиш каби масалалар муҳокамалар марказида бўлди. Томонлар фикрлар, маълумотлар ва тажриба билан алмашди.

Сенат раиси ўз сўзида ҳозирги вақтда Марказий Осиё дунёнинг бошқа кўплаб минтақаларига қараганда глобал иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини кўпроқ бошдан кечираётганини, бу ўз навбатида сув ресурслари танқислигини, музликларнинг эришини ва чўлланиш жараёнларини тезлаштираётганини қайд этди.

“Орол денгизининг қуриши ва қуриган тубида Оролқум тузли чўлининг пайдо бўлиши минтақада комплекс экологик ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларни келтириб чиқарди. Айнан шу сабабли БМТ Бош Ассамблеяси Орол фожиасини замонамизнинг глобал экологик муаммоси сифатида тан олди”, деди у.

Т.Норбоева Марказий Осиё етакчи аёллар мулоқоти фаолиятига ҳам тўхталди: “Ушбу тузилма гендер тенглигини таъминлаш борасида талаб юқори бўлган таклифларни ишлаб чиқишда муҳим платформага айланди. Қисқа вақт ичида мулоқот, авваламбор, давлатлар раҳбарлари, шунингдек, БМТ ва унинг ихтисослашган идоралари, Парламентлараро иттифоқ, ШҲТ, МДҲ ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан тан олиниб, жиддий қўллаб-қувватланди”.

Мулоқотнинг иш режасида минтақада атроф-муҳит билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш ва гендерга оид жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда уларни ҳал этиш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш ташаббуси билдирилди. Гендер кун тартибини кўп томонлама форматда экологик хатарларни бартараф этиш мақсадида янада кенг илгари суриш, бунда халқаро молия институтлари инвестицияларини жалб қилиш таклиф қилинди.

Мавзуга оид