Жаҳон | 11:23 / 15.09.2023
7011
2 дақиқада ўқилади

Россия ТИВ икки америкалик дипломатни «персона нон грата» деб эълон қилди

АҚШ элчиси Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди, унга икки ходимнинг ҳаракатлари дипломатик мақомга мос келмаслиги тўғрисида расмий нота тақдим этиш билан «қатъий демарш» билдирилди. 

Фото: ТАСС

АҚШнинг Россиядаги элчиси Линн Трейси Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди ва Американинг Москвадаги элчихонаси икки ходими «персона нон грата» деб эълон қилинди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг 14 сентябр куни идора сайтида эълон қилинган хабарида айтилади

«14 сентябр куни Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган Американинг Москвадаги дипломатик миссияси раҳбари Линн Трейсига АҚШ элчихонаси биринчи котиби Ж.Силлин ва элчихона иккинчи котиби Д.Бернстайннинг ҳаракатлари дипломатик мақомга тўғри келмаслиги тўғрисида расмий нота тақдим этган ҳолда қатъий демарш билдирилди», — дейилади хабарда. 

Ташқи ишлар вазирлигига кўра, «ушбу шахслар хорижий давлат учун «махфий ҳамкорлик»да айбланаётган Россия фуқароси Р.Шонов билан алоқа ўрнатиш орқали ноқонуний фаолият олиб борган, унга Россия миллий хавфсизлигига зарар етказиш мақсадида моддий мукофот эвазига топшириқ берган».

Америкалик дипломатлар 7 кун ичида «персона нон грата» мақомида Россия ҳудудини тарк этиши керак, дейилади идора маълумотида.

Ташқи ишлар вазирлиги «АҚШ дипломатик миссиясининг ноқонуний фаолияти, жумладан, мезбон давлат ички ишларига аралашуви қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат ва қатъий бостирилишини» таъкидлади. «Россия томони Вашингтондан тўғри хулоса чиқаришини ва қарама-қаршиликларга йўл қўймасликни кутмоқда», - дея хулоса қилди Россия вазирлиги. 

Мавзуга оид