Жаҳон | 08:29 / 16.09.2023
5732
2 дақиқада ўқилади

Латвиянинг янги бош вазири Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишга ваъда берди

Латвия парламенти Эвика Силиня бошчилигидаги янги ҳукуматни тасдиқлади. У мамлакат мудофаа бюджетини ошириш ва Украинани қўллаб-қувватлашда давом этиш ниятида.

Фото: Picture Alliance

Латвия Сейми 15 сентябр, жума куни либерал-консерватив «Янги бирлик» партиясидан бош вазир Эвика Силиня бошчилигидаги республиканинг янги ҳукуматини тасдиқлади. 48 ёшли ҳуқуқшунос бошчилигидаги вазирлар маҳкамасини 100 депутатдан 53 нафари қўллаб-қувватлаган, 39 нафар депутат эса қарши овоз берган. Ҳукуматнинг янги коалициясига «Янги бирлик»дан ташқари «Яшиллар ва деҳқонлар иттифоқи» ҳамда сўл-марказчи «Прогрессив» партияси ҳам кирди.

Парламентда сўзга чиққан Эвика Силиня, хусусан, Латвиянинг мудофаа бюджетини ошириш ва Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишни ваъда қилди. «Мудофаа бюджетини оширамиз ва қуролли кучларимизни кучайтирамиз. Биз Украинани қўллаб-қувватлаймиз», - деди у.

Илгари Силиня Латвия фаровонлик вазири лавозимида ишлаган. Бош вазир сифатида у август ойи ўрталарида ҳукумат тарқаб кетганидан кейин истеъфога чиқишини эълон қилган партиядоши Кришянис Кариншни алмаштиради. Каринш ўзининг коалициядаги ҳамкорлари - «Қўшма рўйхат» ва «Миллий бирлашув»ни «фаровонлик ва иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича ишларга тўсқинлик қилишда» айблади. Янги ҳукуматда Каринш ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид