Жаҳон | 08:37 / 16.09.2023
6281
4 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқининг учта давлати Украинадан ғалла импортига тақиқ киритди

Полша, Венгрия ва Словакия йил охиригача Украинадан ғалла импортига ўз тақиқини киритди. Аввалроқ, Европа комиссияси Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортига чекловларни узайтирмаганди.

Фото: Reuters

Полша ва Венгриядан кейин Словакия йил охиригача Украинадан ғалла импортига ўз эмбаргосини жорий қилмоқда. Братислава бу қарорни 15 сентябр, жума куни Европа комиссияси Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортига чекловларни узайтирмаганидан кейин қабул қилди.

Словакия ҳукумати ўз ҳаракатларини «Словакия бозорига ҳаддан ташқари босим»нинг олдини олиш ва «маҳаллий фермерлар манфаатларини ҳисобга олиш» истаги билан изоҳлади, шунингдек, Полша ва Венгриянинг шунга ўхшаш қарорларига ишора қилди.

Полша ва Венгрия Украина ғалласининг транзитига қарши

Аввалроқ Полша бош вазири Матеуш Моравецкий Варшава Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортига эмбарго жорий этишини маълум қилган эди. «Мен улар (Европа комиссияси) тақиқни узайтиришини хоҳлардим, лекин улар буни қилмади. Биласизми, биз ҳозир нима қиламиз? Биз уларнинг келишмовчилигига қарамай, Европанинг розилиги йўқлигига қарамай, бу тақиқни узайтирамиз. Биз Украина ғалласини олиб киришга қўйилган тақиқни узайтирамиз. Берлин, фон дер Ляйен, Туск ёки Веберга қулоқ солмаймиз, чунки бу полшалик фермернинг манфаатларига мос келади», деди Полша ҳукумати раҳбари.

Венгрия ҳукумати ҳам худди шундай қарор қабул қилди. «Бош вазир Виктор Орбан жума куни Украинадан мол гўшти, маккажўхори, кунгабоқар уруғи ва арпа каби 24 турдаги маҳсулотларни олиб киришни тақиқловчи фармонни имзолади», - дея хабар беради Bloomberg. Бундай чора-тадбирларнинг сабаби сифатида Украина билан чегарадош давлатлар ҳукумати Украина ғалласи импортининг иқтисодиётга таъсирини кўрсатмоқда - уларнинг сўзларига кўра, маҳсулотлар транзит учун мўлжалланган бўлса-да, улар маҳаллий бозорларда тугаб қоляпти, шу сабабли маҳаллий фермерлар қийналяпти. 

Зеленский Украина ғалласини олиб киришни тақиқлаган мамлакатларга «маданиятли жавоб» ҳақида ваъда берди 

Украина президенти Володимир Зеленский Полша, Венгрия ва Словакиянинг Украинадан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб кириш тақиқини узайтириш ҳақидаги қарорини танқид остига олди. «Энди Европа бирлиги икки томонлама даражада ишлаши муҳим. Қўшнилар уруш пайтида Украинани қўллаб-қувватлаши керак. Агар уларнинг қарорлари Европа Иттифоқи қонунларини бузса, Украина маданиятли тарзда жавоб қайтаради», дейилади президентнинг Telegram-каналида эълон қилинган баёнотда. 

Володимир Зеленский, шунингдек, Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйенга Европа Иттифоқининг Украинадан қўшни Европа Иттифоқи мамлакатларига ғалла импортига қўйилган чекловларни бекор қилиш қарори учун миннатдорчилик билдирди. «Бу Украина ва ЕИ ўртасидаги ҳақиқий бирлик ва ишончнинг намунасидир. Қоидалар ва келишувлар амалга оширилса, Европа ҳар доим ғалаба қозонади», деб таъкидлади Зеленский. 

Еврокомиссия Украина ғалласини Европа Иттифоқига олиб киришга қўйилган эмбаргони узайтирмади 

Аввалроқ Еврокомиссия 15 сентябргача амалда бўлган Украина ғалласини олиб киришга қўйилган тақиқни узайтиришдан бош тортганини маълум қилганди. ЕК махсус мувофиқлаштирувчи платформа иши ва жорий йил май ойида жорий этилган вақтинчалик чора-тадбирлар туфайли Украина ғалласининг беш қўшни давлат бозорига таъсири йўқолганини ва Европа Иттифоқидан ташқаридаги мамлакатларга экспортни йўлга қўйиш мумкинлигини таъкидлади. 

Украина, шунингдек, қўшни мамлакатларда нархлар ошишига йўл қўймаслик учун 30 кун ичида қўшимча чора-тадбирлар, жумладан, экспортни лицензиялаш тизимини жорий этишга рози бўлди. Бундан ташқари, Киев тўрт тоифадаги товарлар экспортини алоҳида назорат қилиши керак. «Европа комиссияси Украина самарали чоралар кўраётган ва тўлиқ ишлаётган экан, ҳар қандай чекловларни жорий этишдан тийилади», деб таъкидлади Брюссел. 

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Янгиланган Open билан харидлар янада қулайроқ!

Synergy PharmCo Gricar Chemical SRL Италия фармацевтика заводи билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Янгиланган Open билан харидлар янада қулайроқ!

Synergy PharmCo Gricar Chemical SRL Италия фармацевтика заводи билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери