Жаҳон | 09:48 / 20.09.2023
6142
3 дақиқада ўқилади

Россия ТИВ фуқароларни «дўст бўлмаган» мамлакатларга сафар қилиш хавфи ҳақида огоҳлантирди

Россия Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилишича, Европа Иттифоқи давлатлари томонидан Россия рақамлари бўлган автомобилларнинг киришига қўйилган тақиқ фонида Россия фуқаролари «дўст бўлмаган» мамлакатларга сафарни режалаштиришда «барча хатарларни диққат билан ўйлаб кўриши» керак.

Фото: Баранов Владимир / Globallook Press

Россия Ташқи ишлар вазирлиги 18 сентябр куни Россия фуқаролари «дўст бўлмаган» мамлакатларга саёҳатни режалаштираётганда «барча хавфларни диққат билан ўйлаб кўриши» кераклигини билдирди. Вазирлик, ўз баёнотига кўра, бу тавсияни «Россия фуқаролари ва хориждаги ватандошлар томонидан кўплаб сўровлар туфайли» эълон қилди.

Россия ТИВ «чегарани кесиб ўтишда шахс ўзини ихтиёрий равишда чет эл юрисдикциясига топширишини, бу эса у ташриф буюрган давлат қонунлари ва қоидаларига риоя қилиш мажбуриятини англатишини ҳисобга олишни» тавсия қилади. ТИВ чет элда «қийин вазиятга» тушиб қолган Россия Федерацияси фуқароларига унинг ситуацион инқироз марказига, шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазирлиги веб-сайтида жойлаштирилган рўйхатдаги рус тилида сўзлашувчи адвокатларга мурожаат қилишни тавсия этади.

РФнинг ғарбий қўшнилари Россия давлат рақамлари бўлган автомобилларда киришни тақиқлади

Аввалроқ Эстония, Латвия, Литва, Финландия ва Полшада Россияда рўйхатдан ўтган автомобилларни олиб кириш тақиқланган эди. Эндиликда, назарий жиҳатдан, Шенген зонасига РФ рақамлари бўлган автомобилда кириш фақат Европа Иттифоқига кирмайдиган Норвегия чегараси орқали амалга оширилади. Бироқ, The Barents Observer нашрининг ёзишича, Норвегия ҳукумати ҳам тақиққа қўшилиш имкониятини муҳокама қилмоқда.

Шу билан бирга, Россиянинг ғарбий қўшнилари РФнинг Украинага бўлган тажовузи учун жорий этилган санкциялар бўйича сентябр ойи бошида Еврокомиссия томонидан берилган расмий тушунтиришга таянади. Охирги аниқлаштиришга кўра, ЕК Россия давлат рақамлари бўлган автомобилларнинг Европа Иттифоқи мамлакатларига кириши тақиқланганини тасдиқлайди. 

Россияликларга шахсий буюмларни олиб кириш қатъиян ман этилмайди: ЕК Европа божхона ходимларига импорт қилинадиган товарлар санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам бериши ҳақида «кичик ташвиш туғдирса, мутаносиб ва оқилона» чора кўришни таклиф қилган. Бундай товарлар, масалан, шахсий гигиена воситалари ва кийим-кечак бўлиши мумкин. 

Мавзуга оид