Жаҳон | 00:42 / 21.09.2023
10322
3 дақиқада ўқилади

Блинкен БМТ Хавфсизлик Кенгашида Украинага ташрифи чоғида кўрган даҳшатлари ҳақида гапирди

АҚШ Давлат котиби Ягидне қишлоғидаги ертўла ва яқинда Россиянинг Украинага қилган ҳужумлари ҳақида гапирди.

Фото: AP

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги нутқида Украинага яқинда қилган сафари чоғида Чернигив вилояти, Ягидне қишлоғида кўрган таассуротлари ҳақида гапирди.

Унинг таъкидлашича, у ерда россияликлар 300 нафар украиналикни, асосан аёллар, болалар ва қарияларни бир ойдан ортиқ ертўлада ушлаб туришган ва улардан тирик қалқон сифатида фойдаланган. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Блинкен сўзларига кўра, у Ягидне қишлоғидаги ертўлада «деворга қўлда ёзилган исмларнинг иккита рўйхатини» кўрган.

«Бирида россиялик жангчилар томонидан қатл этилган қишлоқ аҳолисининг исмлари бор эди. Иккинчисида — ертўлада ҳалок бўлганлар. Энг кекса қурбон 93 ёшда, энг кичиги олти ҳафталик чақалоқ эди. Россияликлар фақат кунига бир марта жасадларни олиб чиқишга рухсат берган. Шунинг учун болалар, ота-оналар, эр-хотинлар ўз яқинларининг жасади билан соатлаб вақт ўтказишга мажбур бўлишган», деди Блинкен.

Унинг таъкидлашича, бу воқеалар Украинадаги битта жойда, битта бинода содир бўлган ва бундай жойлар кўп.

Шунингдек, Блинкен БМТ Хавфсизлик кенгашида Россиянинг яқинда Украинага қилган ҳужумларини эслади.

«Фақат ўтган ҳафтанинг ўзида Россия Кривий Ригдаги турар-жой биноларини бомбардимон қилди, Лвивдаги гуманитар ёрдам омборларини ёқиб юборди, Одессадаги ғаллани йўқ қилди, Суми вилоятида 8 та аҳоли пунктини бир кунда ўққа тутди. Буни Украина оилалари ҳар куни бошдан кечирмоқда…», деди Блинкен.

Блинкен ўз нутқида Россиянинг халқаро тартибни бузаётгани ҳақида ҳам гапирди.

«Бирлашган Миллатлар Ташкилотига ва ўзи ёқлаётган нарсаларга нисбатан бунчалик нафрат кўрсатаётган мамлакатни тасаввур қилиш қийин. Буни Хавфсизлик Кенгашида доимий ўринга эга мамлакат содир қилмоқда», деди у.

Энтони Блинкен 6 сентябр куни эълон қилинмаган ташриф билан Украинага борди. Ташриф давомида у 2022 йилда босиб олинган Киев ва Чернигив вилояти ҳудудларига, хусусан, россияликлар юзлаб одамларни ушлаб турган Ягидне қишлоғида ҳам бўлган эди.

Мавзуга оид