Охирги вақтларда ўзбек кинолари мавзуси турли катта-кичик давраларда энг кўп муҳокама қилинаётган масалалардан бири. Айниқса, сўнгги вақтларда ишланаётган ўзбек сериалларининг савияси, унинг асосан, маиший муаммолар атрофида ўралашиб қолгани ва баъзи ҳолларда фахш тарғиботига хизмат қилаётгани кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Бир муддат аввал Kun.uz мухбири ушбу ҳолат уни қанчалик безовта қилаётганини сўраб Маданият вазири Озодбек Назарбековга микрофон тутган эди. Вазир ўз ўрнида шу каби муҳокамалардан келиб чиқиб, энди сериаллар учун ҳам бадиий кенгашларни қайтариш кераклигини айтганди.

Хўш, чуқурроқ таҳлил қилинса, бадиий кенгашлар филм ва сериаллар савиясини оширишда қанчалик самара беради? Ўзи кинодаги бу савиясизлик нимадан, қачондан бошланди ва уни бу “ботқоқ”дан қандай чиқариш мумкин?

Kun.uz мухбири мавзу борасидаги ўрганишини давом эттириб, киношунос – Шоҳида Эшонбобоева, санъатшунос-журналист Иқбол Қўшшаева ва режиссёр Сарвар Каримовни интервю столи атрофида тўплади.

— Катта бир мавзуга киряпмиз ва шунинг учун келинг, аввало бир масалага ойдинлик киритиб, аниқлаштириб олсак. Инсоният тарихида кино пайдо бўларкан, унинг ўрни қандай эди-ю, бугун дунё жамиятлари, томошабинлар олдидаги ўрни, миссияси қандай?

Кино, сериалларга шунчаки вақт ўтказиш воситаси деб қараш керакми ё унинг инсонлар учун бошқа хизматлари ҳам борми? Яъни кино бизга нега керак ўзи?

Шоҳида Эшонбобоева:

— 1895 йилда ака-ука Люьмерлар томонидан дунёга тақдим этилган, асли пойдеворини Эдисон қўйган. Асосан маблағ олиб келувчи тасвирий восита деб қаралган, лекин йиллар ўтиб кино санъат сифатида катта таъсир доирасини кенгайтирди. 40 йилларгача кино санъатми ё саноат, деган тортишувлар бўлган бўлса, 40 йиллардан кейин унинг санъат экани эътироф этилди.

Аммо собиқ иттифоқда ва унинг таркибидаги республикаларда кино соҳасида социалистик реализм деган йўналиш пайдо бўлган. Кинога давлатнинг аралашуви ўша даврдан шаклланиб қолган. Давлат пул ҳам ажратади ва назорат қилиш, мафкурасини тарғиб қилишга ҳаққи ҳам бўлади. Санъат даражасидаги кинолар ўтган асрда кўрилмаганига сабаб мафкура устунлтги бўлган бўлса, айни пайтда эса маълум бир чекловлар, режиссёрларга тўсиқлар борлиги сабаб бўляпти.