Киношунос Шоҳида Эшонбобоева, санъатшунос-журналист Иқбол Қўшшаева ва режиссёр Сарвар Каримов Kun.uz’га берган интервюсида бугунги ўзбек киноси, ундаги савиясизлик ва бу савиясизликдан чиқиш йўллари ҳақида фикрларини билдирди.

Сарвар Каримов ўзбек кинолари, улар жойланадиган ва муҳокама қилинадиган ягона платформа йўқлиги ҳақида

— Биз киночиларга бир платформа керак. Дунёда imdb.com сайти бор. Ўша ерда ҳар қандай кино ҳақида маълумот топиш мумкин, режиссёрдан тортиб энг кичик ижодкоргача. У ерда олинган филмларга ҳаққоний рейтинглар берилади. Россияда ҳам kinopoisk.ru сайти бор. Биз чиқиб олиб «кино-кино» деймиз-ку, лекин битта сайтимиз ҳам йўқ шундай. Мен дейлик, «Осиё устида бўрон» деган кинони кўрмоқчиман, хўш, уни қаердан кўраман? Қачонгача YouТube'да кино кўрамиз, шармандалик эмасми бу? 5 йилдан бери миллий Neftlix очамиз дейишади, лекин қани у? Биз 21-асрда яшаяпмиз. Ҳу ўзбек киноси бошланганда олинган кинолардан тортиб ҳозиргача бўлган кинолар битта платформада йиғилиши керак. Унга пул тўламаслигимиз ҳам керак, чунки у киноларга биз ёки ота-боболаримиз пул тўлаб қўйишган, давлат бюджетидан сарфланган пул.

Ўша «Осиё устида бўрон» фильмининг рассоми ким бўлган, деб изласак, қаердан топамиз? Маълумот йўқ. Қийинми шу эски тасмадаги киноларни бир платформага олиб, маълумот киритиб қўйиш. Дейлик, «Шамолларда қолган ҳисларим» киноси ҳақида маълумот изласам, ҳаммасини топаман. Бўлар-бўлмас кинога миллиардлаб пул сарфламай, шу бор киноларимизни сақлаб қолиш, платформага киритишни ўйлашса бўлмасмиди? Бутун бошли 36 млн халқи бор давлатда кино санъатига бағишланган журнал йўқ — шармандалик. Юзта, мингта чиқса ҳам, журнал бўлиши керак, ахир ҳужжат у, архивга қолади, ҳеч бўлмаса.

Чет элда бир кинони ҳар хил ёш ва ҳар хил соҳадаги одамларга кўрсатиб, улардан ёзма равишда таассуротларини олишади. Шунга кўра ўзгартиришлар киритишади. Яъни томошабинлар билан ҳам ҳисоблашишади. Бозорга чиқишидан олдин ўзини оқлашини билиб олишади.

Шоҳида Эшонбобоева олинаётган филмларга мажбуран тиқиштириладиган давлат мафкураси ҳақида 

— Тарихий бўлсин ё бошқа жанрдаги кино бўлсин, тайёр бўлгач, ғоядан ташқари бўлган, кимгадир ёқиш учун қўшимча, бўртиб турадиган саҳналар, қўшимчалар киритишмасин. Яқинда премьераси бўлган Абдулла Орипов ҳақидаги фильмда ҳам шундай бўлган. Томошабинлар жуда яхши билади бундай бўртиқ кадрларни. Кечаги ўтмишда шундай эди, шу нарсадан қочиш керак энди. Бу нарса аллақачон ўзининг нотўғри эканини исботлади.