Гулнора Иванова 10 йилдан бери кино соҳасида. Аслида жуда кўплаб фестивалларда мукофотланган қаҳрамонимиз ҳозирги даражасигача анча йўлни босиб ўтган. У Kun.uz'га берган интервюсида бир кун келиб ўзбек киноси ҳам Hollywood даражасига чиқишини айтади. Бошқа киноларни ҳайрат билан француз, американча кино дейишади-ку, ўзбек киноси ҳам шундай эшитилишини хоҳлардим”, – дейди у. 

Гулнора Иванова асли ўзбек, у 1989 йилда Тошкент вилояти Янгийўл туманида туғилган. Бошида суратга олиш майдончаларида кофе, чой ташиб юрган, ҳамма унга “ҳей, бу ердан қоч, халал берма”, – деб бақирган қиз айни вақт маълум ва машҳур режиссёрга айланган. 

У яқинда “даҳшатлар қироли” номи билан кўпчиликка таниш бўлган, машҳур ёзувчи Стивен Кингнинг “One baby dollar” лойиҳасида қатнашиб, “Қўл сиқмаган одам” номли ҳикоясини экранлаштириш ҳуқуқини 1 долларга сотиб олди. 

Солиштириш учун айтиб ўтамиз, ўта инжиқ характерга эга бу ёзувчи билан кўплаб режиссёрлар фильм суратга олиш учун 300 минг доллар атрофида ҳам шартнома тузади. Аслида Стивен Кинг муаллифлигидаги асарлар асосида жуда кўплаб дунёга танилган фильмлар ишланган. Улар қаторида “Шоушенкдан қочиш”, “Яшил макон” ҳам бор. 

Гулнора Иванова Kun.uz'га берган интервюсида қандай қилиб бу лойиҳада қатнашгани, умуман кино соҳасига қачон кириб қолгани, фаолияти актрисаликдан режиссёрликка уланиб кетгани-ю, дастлаб ишлаган фильмлари ҳақида батафсил гапириб берди.

– Гулнора, аввало таклифимизга рози бўлиб келганингиз учун раҳмат. Дастлаб ўзингиз ҳақингизда гапириб берсангиз. Исмингиздан ўзбек миллатига мансуб дейишимиз мумкин, аммо фамилия борасида бундай дейиш қийин. Аслида қаерда туғилгансиз, оилангиздагиларнинг кинога алоқаси борми, бу соҳага қандай қилиб қизиқиб қолгансиз?  

– Биринчи навбатда, менинг персонамга эътибор қаратганингиз учун раҳмат. Хўп, саволга келсак, ҳа, мен асли ўзбекман. Лекин тоза ўзбек эмасман, метисман. Онам татар, отам ўзбек, бундан ташқари, авлодимизда тожик, бошқирд, мишарларнинг ҳам қони бор. Умуман олганда, мен “коктейл”ман. Ҳа, рус тилида яхши гаплаша оламан, лекин рус эмасман.  

Ота-онам киносаноатга умуман алоқадор инсонлар эмас. Улар муҳандислик соҳасида бирга таҳсил олишган ва турмуш қуришган. Қисқа қилиб айтсам, оиламиз оддий, ўқимишли инсонлардан иборат, ота-онамнинг касби муҳандис. Оиламиздан фақат мен кино соҳасидаман.