Жаҳон | 10:15 / 23.09.2023
8165
2 дақиқада ўқилади

Венгрия: янги санкция пакетлари Россиядан кўра Европага кўпроқ зарар келтиряпти

Янги санкцияларни муҳокама қилиш ҳар доим ҳиссий, сиёсий ва мафкуравий характерга эга бўляпти, деди Сийярто.

Фото: Laszlo Balogh / Reuters

Будапешт Европа Иттифоқининг Россияга қарши янги санкциялар пакети керак эмаслигига ишончи комил. 

Бу ҳақда Венгрия ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийярто Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашувдан сўнг ТАСС агентлигига берган интервюсида айтиб ўтди. 

«Афсуски, Евроиттифоқ жорий этган санкциялар юзасидан ҳозирча профессионал баҳо ва таҳлиллар ўтказилмаган. Янги санкцияларни муҳокама қилиш ҳар доим ҳиссий, сиёсий ва мафкуравий характерга эга бўляпти», — деди Сийярто. 

«Агар биз санкцияларга прагматик нуқтайи назардан қарасак, улар Россиядан кўра Европага кўпроқ зарар келтираётганини кўрамиз», — деди Венгрия ТИВ раҳбари. 

«Биз янги санкциялар пакетига эҳтиёж йўқ, деб ҳисоблаймиз. Умид қиламизки, бир кун келиб Шарқ ва Ғарб ўртасидаги цивилизациялашган ҳамкорликка қайтишимиз мумкин бўлади, чунки бу бизнинг манфаатларимизга тўғри келади», — деди Сийярто ва иқтисодиёт соҳаси вакиллари ҳам худди шундай нуқтайи назарга эга эканини қўшимча қилди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид