Жаҳон | 09:44
617
2 дақиқада ўқилади

Венгрия украин маҳсулотлари импортини яна тақиқлади

Венгрия ҳукумати Украинадан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортига қўйилган тақиқни қайта тиклашини маълум қилди. Бу ҳақда мамлакатнинг янги бош вазири Петер Мадьяр Х ижтимоий тармоғида хабар берди.

Фото: AFP

Маълум қилинишича, мазкур чеклов аввалги ҳукумат даврида 2023 йил апрель ойида жорий этилган бўлиб, ҳукумат алмашинуви пайтидаги процедур хатолик сабаб 2026 йил 14 май куни автоматик равишда бекор бўлиб қолган. Янги ҳукумат бу ҳолатни “қонунчиликдаги хато” деб атади.

Будапешт тез орада чекловни қайта тиклаш учун шошилинч чоралар кўрилганини билдирди. Венгрия қишлоқ хўжалиги вазири Саболч Бонага кўра, ҳукумат украин импорти мамлакат фермерларининг даромадига таҳдид солишига йўл қўймайди.

Тақиқ тахминан 20 турдаги маҳсулотларга татбиқ этилади. Улар қаторига мол гўшти, парранда гўшти, тухум, дон маҳсулотлари, ун, кунгабоқар ва рапс ёғи киради. Шунингдек, якуний рўйхатга асал ҳам қўшилиши мумкин.

Европа Иттифоқи 2022 йилда Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан сўнг Киев иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш мақсадида украин қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига божларни бекор қилган эди. Бироқ бу қарор қўшни давлатлардаги фермерлар норозилигига сабаб бўлган. Шундан кейин Венгрия, Польша ва Словакия айрим украин маҳсулотларига вақтинчалик чекловлар жорий қилган.

Шу билан бирга, Венгрия янги ҳукумати Халқаро жиноят судидан чиқиш ҳақидаги аввалги қарорни ҳам бекор қилишини маълум қилди. Бу қарор аввалги ҳукумат томонидан 2025 йил апрель ойида қабул қилинган эди.

Ҳаага шаҳрида жойлашган Халқаро жиноят суди 2002 йилдан буён геноцид, ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятларни тергов қилиш билан шуғулланиб келади. Венгрия мазкур суднинг таъсис ҳужжати бўлган Рим статутини 1999 йилда имзолаган ва икки йилдан сўнг ратификация қилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид