Жаҳон | 09:47 / 23.09.2023
4537
2 дақиқада ўқилади

ЕК Украинани Евроиттифоққа қабул қилиш бўйича музокараларни бошлаш ҳақида тавсия беради

Еврокомиссия Европа Иттифоқи давлатларига Украинани қабул қилиш бўйича музокараларни октябр ойида бошлаш тавсиясини беришга тайёрланмоқда. Шарт сифатида регулятор коррупцияга қарши курашда муваффақиятга эришишни талаб қилади, деб хабар беради Bloomberg.

Фото: Stephanie Lecocq / EPA / ТАСС

Еврокомиссия октябр ойида ЕИ мамлакатларига Украинани ЕИга қабул қилиш бўйича музокараларни бошлашни тавсия қилишни режалаштирмоқда, деб хабар берди Bloomberg 22 сентябр, жума куни манбаларга таяниб. Уларнинг айтишича, муваққат қадамлар сифатида регулятор Украина бир қатор устувор соҳаларда, жумладан, коррупцияга қарши курашда муваффақиятга эришишини талаб қилиши мумкин. 

Европа Иттифоқи давлатлари декабр ойида бўлиб ўтадиган саммитда Еврокомиссия тавсияларини кўриб чиқиши кутилмоқда. Шу билан бирга, айрим давлатлар, жумладан, Венгриянинг ҳам позицияси ҳали аниқланмаган, дея қайд этди манбалар. 

Европа Иттифоқи давлатлари Еврокомиссия тавсияларини маъқуллагандан сўнг, Украина расмийлари зарур ислоҳотларни якунлаши ва Украина қонунларини 30 дан ортиқ соҳада Европа Иттифоқи қонунчилигига мувофиқлаштириши керак бўлади. Bloomberg бу бир неча йил давом этиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. 

Украина Европа Иттифоқи талабларининг 99,9 фоизини бажарганини даъво қилмоқда 

Манбалар қайд этишича, Еврокомиссиянинг Украина ЕИга кириши бўйича музокараларни бошлашни тавсия этишдан бош тортиши сиёсий жиҳатдан номақбул бўлади, чунки Украина қуролли тажовузкорлик туфайли аллақачон оғир аҳволда. Европа комиссияси вакили Bloomberg агентлигига изоҳ беришдан бош тортди. 

Украинада ҳукмрон «Халқ хизматкори» партиясининг Олий рададаги фракцияси раҳбари Давид Арахамия кеча Украина ҳукумати музокараларни бошлаш учун «Европа Иттифоқи талаб қилган нарсанинг 99,9 фоизини» бажарганини айтди. 

Украина президенти Володимир Зеленский Россиянинг Украинада ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан бир неча кун ўтиб, 2022 йил феврал ойи охирида мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиши учун ариза топширди. 2022 йил июн ойида ЕИ давлатлари раҳбарлари Украина, шунингдек, Молдовага ЕИ аъзолигига номзод мақомини берди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид