Спорт | 21:15 / 24.09.2023
52937
6 дақиқада ўқилади

Осиё ўйинлари кундалиги. Бир кунда 7 медал

Ўзбекистон делегацияси умумий рейтингда 5-ўринда бормоқда.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

24 сентябр куни Ҳангжоу шаҳрида XIX ёзги Осиё ўйинлари доирасида навбатдаги беллашувлар бўлиб ўтди. Кун давомида Ўзбекистон делегацияси 14 та спорт тури бўйича баҳсларда қатнашиб, 1 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза медаллари қўлга киритилди.

Академик эшкак эшиш

Ўзбекистонликлар учун илк медал «Почин» академик эшкак эшиш бўйича аёллар ўртасида енгил вазн тоифасидаги жуфтлик дастурида иштирок этган Луизахон Исломова ҳамда Малика Тагматова ҳисобига ёзилди. Бу жуфтлик финал дастурида марра чизиғини иккинчи бўлиб кесиб ўтди ва кумуш медални қўлга киритди.

Академик эшкак эшиш бўйича эркаклар ўртасида енгил вазнли спортчилар баҳсида Шаҳзод Нурматов ва Собиржон Сафаралиев бронза медалга сазовор бўлди.

Навбатдаги медал академик эшкак эшишнинг М2х дастурида иштирок этган Шаҳбоз Холмирзаев ва Меҳрожбек Маматқулов томонидан қўлга киритилди - кумуш.

Куннинг тўртинчи медали ҳам эшкакчилар жамоаси томонидан олиб келинди - М2- дастурида қатнашган академик эшкак эшувчилар Шеҳроз Ҳакимов ҳамда Дилшоджон Худойбердиев марра чизиғини иккинчи бўлиб кесиб ўтиб, делегация ҳисобига учинчи кумуш медални қўшиб қўйишди.

Аммо сўнгги дастурда 8 кишилик экипаж марра чизиғига тўртинчи бўлиб етиб келди ва жамоа навбатдаги медалдан қуруқ қолди.

Стол тенниси

Ўзбекистонлик стол теннисчилари плей-офф босқичидаги юришини чоракфинал остонасида тугатди. Виетнамга қарши баҳс олиб борган Марҳабо Магдиева, Розалина Хаджаева ҳамда Асел Эркебаевадан иборат жамоа 0:3 ҳисобида мағлубиятга учради.

Замонавий бешкураш

Токио—2020 Олимпиадаси қатнашчиси Алисе Фахрутдинова замонавий бешкураш бўйича аёллар ўртасидаги яккалик баҳсларини 1327 очко билан 7-ўринда якунлади. Ушбу натижа Фахрутдиновага Париж-2024 Олимпиадаси йўлланмасини тақдим қилди. 

Қиличбозлик

Қиличбозлик бўйича беллашувларда ҳам бир медал қўлга киритилди. Эркаклар ўртасидаги рапира дастурида иштирок этган ўзбекистонлик спортчилар финал босқичига йўл ололмади. Муҳаммад Юсуф Асранов 1/8 финалда, Дониёр Саъдуллаев эса гуруҳ босқичида иштирокини якунлади. 

Аёллар ўртасидаги шпага бўйича баҳсларда эса Дилназ Мурзатаева чоракфиналда япониялик Сато Нозоминини 15:14 ҳисобида мағлубиятга учратиб, яримфиналга чиқди ва амалда камида бронза медалини нақд қилганди.

Аммо 17 ёшли спортчи яримфиналда жанубий кореялик Инжеонг Чоига 12:15 ҳисобида ютқазиб, бронза билан кифояланишга мажбур бўлди. Шу билан бирга, бу ўзбекистонлик спортчилар учун қиличбозлик дастурида қўлга киритилган илк медал бўлди.

Ўзбекистоннинг тўртинчи вакили Шаҳзода Эгамбердиева эса муносиб иштирок этганига қарамай, якунда медалсиз қолди.

Дзюдо

Бугун дзюдочилар жамоаси икки медал олди. Дастлаб -48 кг вазн тоифасида Ҳалима Қурбонова дзюдо бўйича Ўзбекистон жамоасининг илк медалига муаллифлик қилди. У дастлаб туркманистонлик рақибини вазари баҳоси билан мағлуб этди, кейин чоракфиналда хитойлик спортчига ютқазди, унинг рақиби финалга чиққач, чоракфинал учун курашадиган бўлди, дастлаб ҳонгконглик спортчини иппон баҳоси билан енгди, бронза медали учун баҳсда жанубий кореялик Ҳекеонг Лига қарши татамига чиқиши керак эди. Бироқ рақиб спортчи курашмагани учун Қурбонова тўғридан тўғри совриндорлар қаторидан жой олди.

-52 кг вазн тоифасида қатнашган Диёра Келдиёрова эса Ўзбекистон делегациясига илк олтин медални тақдим этди. У иштирокини чоракфиналда бошлади ва тожикистонлик Аҳлия Мўминовани иппон баҳоси билан енгди, яримфиналда мўғулистонлик рақибини вазари баҳоси билан енгди, финалда эса БАА вакили Биршелт Хорлодоини мағлубиятга учратиб, ўз ғалабалари орасига Осиё ўйинлари чемпионлигини ҳам қўшиб қўйди. 

Эркаклар ўртасидаги баҳсларда -60 кг вазн тоифасида қатнашган Дилшод Баратов илк жангдаёқ кореялик рақибига иппон баҳосида ютқазди, -66 кг вазндаги Сардор Нуриллаев дастлаб туркманистонлик Ҳеким Агаммедовни вазари баҳоси билан енгди, кейин қозоғистонлик Гусман Киргизбаевни иппон баҳоси билан мағлуб этди, аммо яримфиналда мўғулистонлик спортчига иппон баҳосида ютқазди, бронза учун учун баҳсда эса асли мўғулистонлик, бу турнирда БАА вакили сифатида қатнашган Нармандах Баянмунхга ҳам мағлуб бўлиб, медалсиз қолди.

Бокс

Бугунги дастурда қатнашган ўзбекистонлик икки боксчи ҳам кейинги босқичга ўтди. 1/16 финалда Тўрабек Ҳабибуллаев -80 кг вазн тоифасида непаллик Дипак Шрештани мағлуб этди (5:0).\

Иштирокини 1/8 финалда бошлаган Нигина Ўктамова (-54 кг) филиппинлик Ириш Магнони 5:0 ҳисобида мағлуб этди ва Ўзбекистон аёллар бокс жамоаси тарихида Осиё ўйинларида биринчи босқичдан ўтган илк спортчига айланди.

Шахмат

Гроссмейстерлар ҳам Осиё ўйинларининг медаллари учун иштирокини бошлади. Биринчи кунги баҳсларда Нодирбек Абдусатторов (2731) аввалига Ҳусайн Назедни (Қатар), кейин қозоғистонлик Ринат Жумабоевни, Жавоҳир Синдоров (2617) эса Шри-Ланка вакили билан дуранг ўйнади.

Нилуфар Ёқуббоева (2232) кореялик Саранг Кимни (1435) енгди, хитойлик Зу Жинерга ютқазди. Умида Омонова (2183) кувайтлик Амина Алавадҳини (1373)  ва индонезиялик Сукандерни мағлубиятга учратди. 

Теннис

Сергей Фомин — Бадр Ал Қаҳтони (Кувайт) 6:0, 6:4
Ҳумоюн Султонов — Оқил Хон (Покистон) 6:0, 6:1
Ўзбекистон 2 - Индонезия 2. Эркаклар, жуфтлик. 2:6, 5:7
Сабрина Олимжонова - София Хуйн (Виетнам). 6:0, 6:0.
Ўзбекистон 1 - Кувайт 1. Эркаклар, жуфтлик. 6:3, 6:1 

Ўқ отиш

Мухтасар Тоҳирова саралаш баҳсларидан ўта олмади.

Спорт гимнастикаси

Асадбек Азамов, Рустам Неъматов, Ҳумоюн Исломов ва Равшан Комилжоновдан иборат жамоа саралашдан ўта олмади.

Ушу

Азиз Қаҳрамонов финалда 8-ўринни эгаллади. 

Чим устида ҳоккей

Ўзбекистон жамоаси Ҳиндистонга қарши 1-турда 0:16 ҳисобида ютқазди.

24 сентябр кунги баҳслардан кейин Ўзбекистон делегацияси умумий рейтингда 7 та медал билан 5-ўринда бормоқда. 

Мавзуга оид