Норвегия Европада асосий газ сотувчиси сифатида Россия ўрнини эгаллади. Фото: AFP

Европа янги инқирозга чап бера оладими ёки вазият қишнинг илиқ ёки қаҳратон келишига боғлиқ бўладими? Россиядан бошқа жойдан келадиган газ авария ва иш ташлашлар туфайли узилиб қолиб, европаликларни белни маҳкамроқ сиқишга мажбур қилмайдими? Ҳозирча бу борада Европани умидлантирадиган янгиликлар бор, деб ёзади BBC.

Барчаси рисоладагидек кетган тақдирда ҳам, асосий кўзир қарта ҳамон Путин қўлида. Агар у ва-банкка кетишни лозим топса ва Европага ўтказилган Украина ва Туркия орқали тортилган сўнгги икки газ қувурини ҳам беркитса — Европа кенг кўламли энергетика инқирозидан қочиши даргумон. Фақат, келаётган қишда эмас ва айнан тўлдирилган захиралар туфайли.

Омборлар лиммо-лим

Анъанага кўра, Европадаги ерости газ омборларининг баҳорга бориб таги кўриниб қолади ва ноябр ойигача — Шимолий Европада одамлар газ билан иситиш тизимидан фойдалана бошлагач тўлдирилади. Ўтган қиш одатдагидан илиқроқ келди, омборларда тўпланган газнинг ярмидан кўпи ишлатилмай қолди. Ҳолбуки 2021 йилда захиранинг чорак қисми қолганди.

Бироқ, шу йил апрелида Россиядан газ етказилиши тарихий минимумга тушгач, Европа Иттифоқи газ етказиш бутунлай узиб қўйилишидан чўчиб, ўз олдига оширилган мажбурият қўйди: 1 ноябрга қадар омборларни 90 фоизга тўлдириш. Ўтган йили, ҳали «Шимолий оқим» портлатиб юборилмаганида мўлжал бироз камроқ эди — 80 фоиз.

Орттирилган меъёр август ойи ўрталаридаёқ бажарилди, энди газ омборлари ўртача 95 фоизга тўлдирилган.

Айрим мамлакатларда, масалан, Латвия ва Францияда ҳозирча 90 фоиз, бироқ газни сақлаш учун асосий ерости қувватлари жойлашган давлатлар — Германия, Нидерландия, Австрия ва Венгрияда омборлар аллақачон 95 фоизга тўлдирилган.

Европа газ омборларидаги газ захираси сарфи. Инфрографика: BBC

Энергетика бўйича еврокомиссар Кадри Симсон шу ҳафта ичида Европа Иттифоқи давлатлари 100 млрд метр куб газ жамғарганини эълон қилди.