Жаҳон | 08:44 / 25.09.2023
5208
2 дақиқада ўқилади

Франция Сенатида консерваторлар кўпчилик ўринни сақлаб қолди

Қисман сайловлардан кейин «Республикачилар» Сенатда устунлик қилишда давом этмоқда. Ле Пеннинг «Миллий бирлашув»идан уч номзод ғалаба қозонди, президент Макроннинг партияси ўз позициясини яхшилай олмади.

Фото: Ait Adjedjou Karim/ABACA/picture alliance

Консерватив «Республикачилар» партияси 24 сентябр, якшанба куни Франция Сенатига (парламент юқори палатаси) қисман сайловлар натижасида ўз аъзоларининг қарийб ярмини парламентда сақлаб қолди. Иккинчи куч социалистлар бўлди, улардан ҳозир Сенатда 64 нафар вакил бор. 

Коалиция таркибида Миллий ассамблеяда (мамлакат парламенти қуйи палатаси) кўпчиликни ташкил қилувчи Франция президенти Эммануэл Макроннинг «Уйғониш» партияси юқори палатага сайловларда ўз позициясини яхшилай олмади. Ҳукуматнинг ягона номзоди, фуқаролик масалалари бўйича давлат котиби Сони Бакенинг Франциянинг хориждаги ҳудуди бўлган Янги Каледониядан Сенатга сайловда мағлуб бўлгани бунга яққол мисол. 

Яқинда Франция парламенти тергов комиссияси Кремлнинг вакили деб атаган Марин Ле Пеннинг ўнг қанот популистик «Миллий бирлашув» партияси уч мандат олган ҳолда Сенатга қайтишга муваффақ бўлди. 

Сенатнинг ярми қайта сайланди 

Франциянинг 40 га яқин департаментларида 348 сенатордан 170 нафари қайта сайланди. Сенатнинг қолган 178 аъзоси 2026 йилда қайта сайланади. Миллий ассамблеяга сайловлардан фарқли ўлароқ, француз сенаторлари шаҳар мэрлари, вилоят ва шаҳар кенгашлари томонидан сайланади. Тарихий жиҳатдан уларда консерваторлар ва социалистлар кучли. Макрон 2017 йилда ташкил этилган «Уйғониш» партиясини минтақавий даражада ҳақиқий сиёсий кучга айлантира олмади. 

Қуйи палата билан солиштирганда, Сенат қонунчилик масалаларида фақат иккинчи даражали рол ўйнайди. Миллий ассамблея аъзолари Сенатдаги овоз беришни бекор қилиши мумкин.

Мавзуга оид