Жаҳон | 23:03 / 25.09.2023
13035
2 дақиқада ўқилади

Россия Қора денгиз флоти қўмондони ҳалок бўлгани айтилмоқда, бунинг расмий тасдиғи йўқ

Украина ҳарбийлари Россия Қора денгиз флоти қўмондони Севастополдаги штаб-квартирага уюштирилган ҳужумда ҳалок бўлганини таъкидламоқда. Бунинг расмий тасдиғи йўқ.

Фото: РИА Новости

Украина Махсус операция кучлари (МОК) иддао қилишича, 22 сентябр куни Севастополдаги Россия Қора денгиз флоти штаб-квартирасига ракета ҳужуми уюштирилиши оқибатида россиялик 34 офицер ҳалок бўлган ва 105 нафари яраланган. 

Украина ҳарбийларига кўра, ҳалок бўлганлар орасида Россия Қора денгиз флоти қўмондони, адмирал Виктор Cоколов ҳам бор. Штаб-квартира биноси қайта тикланмайдиган даражада вайрон бўлгани айтилмоқда. 

23 сентябр куни Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси (БРБ) Севастополдаги Россия Қора денгиз флоти штаб-квартирасига қилинган ҳужумда камида тўққиз нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлганини маълум қилди. Кейин Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов журналистлар билан суҳбатда Соколовнинг ўлими ҳақидаги хабарларни тасдиқлай олмади. Разведка унинг аҳволи қандай эканини билмайди. 

Украина МОК вакиллари, шунингдек, 13 сентябр куни Севастополдаги Оржоникидзе кемасозлик заводига қилинган ҳужум пайтида Россия кучларининг йўқотишлари 62 кишини ташкил этганини даъво қилмоқда. Улар, гўёки, «Минск» десант кемасида бўлган ҳарбийлар экани айтилмоқда. Шу билан бирга, МОК хабарида худди шу ҳужум пайтида шикастланган «Ростов-на-Дону» сув ости кемаси ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. 

МОК вакиллари ўз хабарини тасдиқлайдиган далил келтирмади. Россия Қора денгиз флотининг Севастополдаги штаб-квартирасига ҳужум, шунингдек, «Минск» кемасига ҳужум оқибатида йўқотишлар ҳақида расмий маълумот берилмади. 

22 сентябр куни Россия Қора денгиз флоти штаб-квартирасига ракета зарбаси берилди, шундан сўнг бинода катта ёнғин бошланди. Sky News телеканали Украина ҳарбий-ҳаво кучларига таяниб хабар беришича, ҳужум Британиянинг Storm Shadow ракеталари ёрдамида амалга оширилган. Россия Мудофаа вазирлиги йўқотишлар ҳақида тўлиқ маълумот бермади, фақат бир россиялик ҳарбий ҳалок бўлганини маълум қилди. Бироқ, кейин бу ҳарбий хизматчи бедарак йўқолган деб ҳисобланганига аниқлик киритди. 

Мавзуга оид