Жаҳон | 12:09 / 25.09.2023
7474
2 дақиқада ўқилади

ЕИ комиссари Хитойнинг Украинадаги уруш бўйича позициясини танқид қилди

Хитой учун ҳудудий яхлитлик дипломатияда доимо асосий тамойил бўлиб келган, бироқ Россия бу тамойилни очиқчасига бузмоқда, деди Европа Иттифоқининг савдо комиссари Валдис Домбровскис.

Фото: AFP / JOHANNA GERON

Европа Иттифоқининг савдо комиссари Валдис Домбровскис Хитойга ташрифи чоғида Украина урушига нисбатан Хитой позициясини нотўғри тушунганини билдирди. Ҳудудий яхлитлик Хитой учун доимо халқаро дипломатиянинг асосий тамойилларидан бири бўлиб келган ва Россия бу тамойилни очиқдан очиқ бузмоқда, деди Европа комиссари Пекиндаги Цинхуа университети талабалари олдида 25 сентябр, душанба куни қилган чиқишида.

«Биз учун Хитойнинг Украина уруши бўйича позициясини тушуниш қийин, чунки бу билан Хитой ўзининг асосий тамойилларини бузмоқда», деб тушунтирди Домбровскис Хитойнинг етакчи университетларидан бирида талабаларга. У, шунингдек, уруш натижасида озиқ-овқат экспортининг камайиши ва энергия нархининг юқорилиги Хитой учун салбий оқибатларга олиб келишини таъкидлади. «Шунинг учун, Россиянинг Украинадан ғалла экспортини саботаж қилиши Хитой манфаатларига қандай жавоб бериши мумкинлигини тушуниш қийин», деди Европа комиссари. 

Хитой жозибадорлигининг пасайиши 

Валдис Домбровскис, шунингдек, Хитойнинг халқаро обрўсига хавфлар ҳақида маълум қилди. Урушга муносабат европалик истеъмолчилар ва бизнеснинг мамлакат ҳақидаги қарашларига таъсир қилади ва Европадаги компанияларнинг учдан бир қисми Хитой позицияси уни сармоявий мақсад сифатида жозибадорлигини пасайтирганини билдирди, деди европалик сиёсатчи. 

Аввалроқ Домбровскис Хитойнинг иқтисодий пойтахти Шанҳайга ташриф буюрган эди. 25 сентябр куни Пекинда ўнинчи Европа Иттифоқи ва Хитой савдо-иқтисодий мулоқоти очилади. 

Форум мавзуларидан бири Хитой электромобиллар учун субсидиялари бўйича Европа Иттифоқининг режалаштирилган текшируви бўлади. Еврокомиссия маълумотларига кўра, Пекин Хитой электромобиллари нархини пасайтириш ва шу орқали бозор конъюнктурасини бузиш учун юқори субсидиялардан фойдаланмоқда. Пекин режалаштирилган текширувдан норози. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид